Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган иқтисодиётимизнинг 2014 йилга мўлжалланган асосий вазифа ва устувор йўналишлари аввало соҳанинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, шу мақсадда мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этишни давом эттиришга қаратилган. Буни амалда таъминлаш натижасида мамлакатимизда жорий йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,9 фоиз, жумладан, истеъмол товарлари тайёрлаш 12,8 фоиз ўсди. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида истеъмол товарлари улуши 34,4 фоизни ташкил қилди. Бунда тадбиркорлик субъектларининг алоҳида ўрни ва салмоқли улуши бор.
2014 йил 18 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг I чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокамасига ва шу йил 17 январда республика Ҳукуматининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устуворликларини амалга оширишни баҳолашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.