Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган иқтисодиётимизнинг 2014 йилга мўлжалланган асосий вазифа ва устувор йўналишлари аввало соҳанинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, шу мақсадда мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этишни давом эттиришга қаратилган.
Буни амалда таъминлаш натижасида мамлакатимизда жорий йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,9 фоиз, жумладан, истеъмол товарлари тайёрлаш 12,8 фоиз ўсди. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида истеъмол товарлари улуши 34,4 фоизни ташкил қилди. Бунда тадбиркорлик субъектларининг алоҳида ўрни ва салмоқли улуши бор.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
«Ўзэкспомарказ»да очилган кўргазмали семинар мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти ва унинг ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия, Молия вазирликлари, Божхона, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмиталари, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа мутасадди вазирлик, идоралар масъул ходимлари, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитлари тобора яхшиланаётганини таъкидлади. Бу иқтисодиётимиз изчил ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига берилаётган солиқ енгилликлари уларнинг ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмини тобора оширишига замин яратмоқда. 2014 йил биринчи чораги якунига кўра яратилган солиқ имтиёзларидан 34 мингдан ортиқ корхона фойдаланган. Натижада улар 2,4 триллион сўм маблағини ўз ҳисобида қолдириш имконига эга бўлган.
Президентимизнинг юқорида номи қайд этилган фармонига кўра вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштириш ва уларни доимий равишда янгилаб бориш вазифаси юклатилган. Бу тадбиркорлик субъектларига керакли барча маълумотларни тегишли ташкилотнинг расмий веб-сайтидан тезкорлик билан олишга ва ўз фаолиятида фойдаланишга кўмаклашади.
Фармонга мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган, ишлаб чиқариш суръатларининг барқарор ўсиши ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ соҳасида текширишни таъқиқлаш бўйича мораторий муддати 2017 йил 1 январга қадар узайтирилди. Яъни, ушбу субъектларда 2017 йилнинг 1 январига қадар текшириш ўтказилмайди. Юридик шахсларни тугатиш чоғида қўзғатилган жиноий ишлар доирасида, шунингдек, бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширишлар бундан мустасно.
Яна бир муҳим янгилик: 2014 йил 1 июлдан бошлаб кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқлар – қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва енгил саноатда фаолият юритадиган кичик корхоналар ходимларининг чекланган ўртача йиллик сони 100 нафардан 200 нафаргача оширилиши белгилаб қўйилди.
Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиёти бекор қилинди.
Бундан ташқари, илгари хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларини тақдим этмаслик ва уларнинг кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операциялар бевосита давлат солиқ хизмати органлари томонидан тўхтатиб турилган бўлса, эндиликда буни фақат суд қарори асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу тадбиркорлик субъектларига нисбатан таъсир чорасини камайтириш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Фармонга асосан инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида 2014-2015 йилларда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга асосан ягона ер солиғининг тўлов муддатларини 3 мартадан 2 мартага қисқартириш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланди. Жорий йилнинг 2-чорагида амалдаги қонунчиликка электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддатини 12 ойдан 24 ойгача узайтиришга доир ўзгартириш киритилиши назарда тутилган.
– Ўзбекистонда тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди «Hanjin Co Ltd» компанияси бош менежери, «Eurasia Logistics Serviсe» қўшма корхонаси директори Ли Бюб Ёль (Жанубий Корея). – Мазкур йўналишда замон талаби ва тараққиёт тақозосидан келиб чиқиб янада кенг имкониятлар очишга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинаётгани эътиборга молик. Бу бизнинг қулай муҳит ва барча зарур шарт-шароит яратилган Ўзбекистонга бўлган қизиқишимизнинг ортишига, янада йирик лойиҳаларни амалга оширишимизга кенг йўл очади.
Президентимизнинг шу йил 15 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратди. Қарорга асосан 2014 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолиятнинг ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларнинг алоҳида турлари бекор қилинади. Тартиботларни расмийлаштиришнинг муддатлари ва йиғимлари миқдори қисқартирилади. Рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни ва лицензияларни олиш тартиботлари янада соддалаштирилади.
Тегишли органларга 2015 йил 1 январгача бўлган муддатда лицензияланадиган 19 фаолият турига «бир дарча» тамойилини жорий этиш юклатилди. Жорий йил охиригача тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия келишувлари шартларини бажариш бўйича даврий ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиб бориш учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси юклатилган. Бундан ташқари, 2014 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботлар электрон тарзда расмийлаштирилади. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимлар ва давлат божлари интернет-банкинг тизими орқали тўланади. Маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланишни амалга ошириш имконини берадиган шахсий «тадбиркорлик субъектининг кабинети» ишлаши таъминланади. Ушбу чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектлари интернет орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ўзларига тегишли маълумотларни электрон шаклда олиш имкониятига эга бўлади.
Кўргазмали семинарда тадбиркорлик субъектлари томонидан берилган саволларга мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.
ЎзА, Норгул Абдураимова, 01.05.2014