Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги ПҚ-4265-сонли «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ устав капиталининг 51 фоиз миқдоридаги улуши сотилиши назарда тутилган.
Давлат мулкини сотишда тендер савдолари ўтказиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан (2019 йил 30 сентябрь, №02/1-1328) «Қўнғирот сода заводи» МЧЖнинг улушини сотиш шартларига, «Ernst & Young Advisory» МЧЖ инвестиция маслаҳатчиси иштирокида салоҳиятли инвесторларнинг энг яхши таклифларини танлаш йўли билан улушни қуйидаги тартиб ва шартларда сотишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган:
Салоҳиятли инвесторларнинг энг яхши таклифларини танлаш йўли билан сотиш тартиби қуйидаги механизмни назарда тутади:
1 - босқич:
Келишилган узун рўйҳатдаги потенциал инвесторларга тизерни (объект ҳақида қисқа ахборот маълумотнома) тарқатиш (тадбир амалга оширилмоқда).
2 - босқич:
Қизиқиш билдирган салоҳиятли инвесторлар билан махфийлик тўғрисидаги шартномани (МШ) имзолаш. Қисқа рўйҳатни белгилаш, МШни имзолаш якуни бўйича инвесторларга Ахборот меморандуми ва Тартиб хатини тақдим этиш. Инвесторлар томонидан Мажбурий бўлмаган таклифлар тақдим этилиши (тадбир амалга оширилмоқда).
Инвесторлар томонидан тақдим этилган Мажбурий бўлмаган таклифларни таҳлил қилиш, келишиш ва энг жозибадорини танлаш. Мажбурий бўлмаган таклифлар таҳлили натижаси бўйича танланган салоҳиятли инвесторларга фойдаланиш ҳуқуқини берган холда Виртуал Маълумотлар Хонасини (ВМХ) тайёрлаш ва очиш.
Сотилаётган объектни салоҳиятли инвесторлар томонидан комплекс текширувидан ўтказиш (дью-дилидженс). Инвестицион маслаҳатчи томонидан комплекс текширувни мувофиқлаштириш. Ўтказилган комплекс текширувлар натижалари бўйича инвесторлар томонидан Мажбурий таклифларни тақдим этиш.
Инвесторларнинг энг яхши Мажбурий таклифини таҳлил қилиш ва танлаш. Инвесторлар билан кейинги музокараларни олиб бориш. Танланган энг яхши таклифни Давлат мулкини сотишда тендер савдолари ўтказиш бўйича Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқиш ва тасдиқлаш. Юридик хужжатларни тайёрлаш (Олди-сотди шартномаси ва бошқа зарур бўлган келишувлар).
Танланган инвестор билан юридик хужжатларни келишиш. Юридик хужжатларни имзолаш ва битимни ёпиш.
Сотиш шартлари:
- корхонанинг асосий фаолият турини сақлаб қолиш;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.04.2019 йилдаги ПҚ-4265-сонли қарорига мувофиқ кальцийнацияланган сода ишлаб чиқаришни йилига 200 минг тоннадан 450 минг тоннагача кенгайтириш ва бошқа (янги) турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш (инвестицион мажбуриятларини бажариш муддатлари 2019-2024 йй.);
- янги иш ўринларини яратиш шаклидаги ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш.
Шу билан бирга, харидорларни аниқлашда энг катта сотиб олиш тўловларини ҳамда инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларини таклиф этган инвесторга афзаллик берилади.
Сизни қизиқтирган саволлар бўйича қўйидаги манзилларга мурожаат этишингиз мумкин:
«Узкимёсаноат» АЖ, Тошкент ш., Навоий кўчаси 38.
Тел: +998(78) 140-74-02. Веб-сайт: www.uzkimyosanoat.uz, электрон почта манзили: project_leonardo@uks.uz.
Сотувчининг инвестицион маслаҳатчиси: «Ernst & Young Advisory» МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Мустақиллик шоҳ кўчаси 75, «Иконель» Бизнес Маркази. Тел: +998(78) 140-64-10, Веб-сайт: www.ey.com/uz/en/home, электрон почта манзили: tashkent@uz.ey.com.