Давлат дастури

// 01 iyul 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (43.3 KB)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ПФ–16-сон Фармони билан тасдиқланган давлат дастурида “Ўзкимёсаноат” АЖга бир қанча вазифалар белгиланган.
ПФ-16 ижроси юзасидан “Ўзкимёсаноат” АЖ масъуллигидаги вазифалар юзасидан маълумот.
“Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари (“Навоийзот” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ ва “Фарғонаазот” АЖ)  томонидан иссиқхона газларининг ҳосил бўлишини (жойлари, миқдори) бирламчи хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилиб, вақтинчалик қўлланма (ПРООНда келтирилган кўрсаткичларга асосланган ҳолда формула) асосида ҳисоб-китоб қилинди. 
Бирламчи хатловга кўра:
“Навоийзот” АЖда 2024 йилда – 655 минг тонна (CО2 экв);
“Максам-Чирчиқ” АЖда 2024 йилда -2,07 млн тонна (CО2 экв);
“Фарғонаазот” АЖда 2024 йилда – 500 минг тонна (СО2 экв) иссиқхона газлари ташламалари аниқланди.
Кейинги қадамларда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари (“Навоийзот” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ ва “Фарғонаазот” АЖ) учун иссиқхона газларини вақтинчалик ҳисоблаш мезонлари (методика, формула) шакллантирилиб, ягона (халқаро ёки Республика миқёсида кучга эга) қўлланма тасдиқланишига қадар ҳисоб-китоблар олиб борилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази” ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология маркази билан ҳамкорликда иссиқхона газларини аниқлаш, ҳисоблаш ва хатловдан ўтказиш бўйича ягона (халқаро ёки республика миқёсида кучга эга) қўлланма (методика) ишлаб чиқилиши бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, юқорида келтириб ўтилган вазирликлар билан CВАМ тизимини жорий қилиш бўйича ҳам музокара ва ўрганишлар олиб борилмоқда.
Қўшимча равишда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 17 февраль куни S&P Global компанияси томонидан ESG халқаро рейтинги берилди. 
Шунингдек, мазкур Фармон ижроси юзасидан CАЭх кўргазма мажмуасида ўтказилган  “Eco Expo Central Asia-2025” халқаро экологик технологиялар кўргазмасида “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Навоийзот” АЖ ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖ лар фаол иштирок этди.
Кўргазмада илғор “яшил” технологиялар, чиқиндиларни бошқариш, сув ресурсларини тежаш ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларидаги энг яхши ечимлар намойиш қилинди.
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” доирасида ташкил этилган тадбирда “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Навоийзот” АЖ ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологияга таъсирни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни қамраб олган тақдимотлари ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлари  билан иштирок этишди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси-2025
2025 йилда жами 200 гектар ерга 500 минг дона манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчат экилиши режалаштирилган.
Бугунги кунга қадар баҳор мавсумида тармоқ корхоналарида 
30 гектар ерга жами 491,6 дона, шу жумладан корхоналарда 367 минг дона ҳамда раҳбар ва ишчи ходимлар хонадонларида намунавий равишда 124,6 минг дона манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилиб, 5 гектардан ортиқ ерларда “яшил белбоғ”лар яратилди.  Катта автомобиль йўлларининг икки четларига 
10 қатордан манзарали дарахтлар экилди ва томчилаб суғориш тизими йўлга қўйилди.
Экилган дарахтларни парваришлаш ва уларнинг униб-ўсишлари учун корхоналарда томчилаб суғориш тизимини йўлга қўйиш бўйича масъул шахслар тайинланди ва кўчатлар томчилаб суғориш тизими билан таъминланиб келинмоқда.
Инвестиция йўналиши бўйича.
“Навоийазот” АЖ томонидан технологик кластерлар учун 300 МВт фото электр станциясини ташкил этиш лойиҳаси. 
2024 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган олий даражадаги ташрифи доирасида ушбу давлатнинг Sinoma компанияси билан лойиҳани амалга ошириш юзасидан тегишли келишув имзоланди. Шу билан бирга лойиҳа доирасида махсус техник ишчи гуруҳ ташкил этилиб, 2024 йил йил 3 май куни “Тошкент III Халқаро инвестиция форуми” доирасида PPA шартномасини имзолаш маросими ўтказилди. Шунингдек, 2024 йил ноябрь ойида Инвестор ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида инвестиция битими имзоланди.
Бугунги кунга келиб лойиҳани амалга ошириш юзасидан Навоий вилояти Кармана туманидан тегишли ер майдонлари ажратилиб, лойиҳа доирасида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
 “Acwa Power UKS Green H2” МЧЖ ҚК томонидан 52 МВт шамол электр станцияси ва йилига 3000 тонна “яшил” водород” ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси.
2022 йил декабрь ойида “Acwa Power UKS Green H2”  МЧЖ қўшма корхонаси (“Acwa Power”–80% ва “Ўзкимёсаноат” АЖ–20%) ташкил этилди, шунингдек, 2023 йил ноябрь ойида хорижий ҳамкор билан “Электроэнергияни сотиб олиш” (PPA), “Водород сотиб олиш” (HPA) ва Электр таъминоти (ESA) шартномалари ҳамда 2024 йил апрель ойида ерни ижарага бериш шартномаси (LLA) имзоланди;
“EPC” пудратчи Хитойнинг “Power China Huadong Engineering Corporation Limited” компанияси томонидан қурилиш ишлари якунланмоқда ҳамда асосий технологик ускуналар – 20 МВт қувватдаги электролизёрлар ўрнатилди.
Лойиҳанинг қиймати 88 млн долларга тенг бўлганлиги сабабли ушбу лойиҳани молиялаштиришга (Senior Loan – Project Financing) ва 60,0 млн долларга тенг кредит ажратишга 2024 йилнинг 25 июнь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит қўмитаси ва кузатув кенгашидан розилик олинган. 
Мазкур лойиҳа «Ўзкимёсаноат» АЖ ва Саудия Арабистонининг 
“Acwa Power” компанияси “Acwa Power UKS Green H2” қўшма корхонаси негизида амалга оширилмоқда. Лойиҳа бўйича йилига 3 минг тоннадан ортиқ яшил водород ишлаб чиқарилади ва минерал ўғитларга қайта ишланади.
Шунингдек, “Acwa Power” халқаро энергетика компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги яшил водород ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюрди.
Эътиборли жиҳати шундаки, яшил водород ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитга зарарли ташланмалар чиқарилмайди, нефть ёки табиий газ каби қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни камайтиради ва иқтисод қилиш имконини беради. Бу эса “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш йилида кўзланган мақсадларга эришиш имконини беради.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳа ишга тушиши билан Ўзбекистон дунёда яшил водород ишлаб чиқариладиган 7-мамлакат, МДҲ мамлакатлари орасида 1-давлат бўлади.