“Янги Ўзбекистон” университетида Халқаро саноат маслаҳатлашув кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди

// 30 Sentabr 2026 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (484.08 KB)

29-сентябр куни “Янги Ўзбекистон” университетида Халқаро саноат маслаҳатлашув кенгаши (IAC) етакчи халқаро компаниялар, академик ҳамжамият ҳамда Ўзбекистоннинг муҳим тармоқлари вакилларини бирлаштирувчи маслаҳат кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.



Ялпи мажлисда Technical University of Munich, Robert Bosch GmbH, Nexperia, STADA Arzneimittel AG, Berlin University Alliance вакиллари, “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари шунингдек, Ўзбекистондаги етакчи ташкилот ва компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш давомида университетнинг миссияси ва стратегик мақсадлари, илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш, шунингдек, университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.


Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” университети профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва амалий лойиҳалар тақдим этилиб, уларни саноат ҳамкорлари билан биргаликда амалиётга жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тармоқ сессиялари доирасида саноат ва ишлаб чиқариш технологиялари, молиявий технологиялар ва инновациялар, менежмент ҳамда логистика йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Халқаро саноат маслаҳатлашув кенгашининг йиғилиши академик ҳамжамият, бизнес ва давлат сектори ўртасида профессионал мулоқот учун муҳим платформага айланиб, қўшма таълимий, илмий ва амалий ташаббусларни янада ривожлантиришга хизмат қилди.