"Химия" подстанциясида электрэнергия таъминотидаги узилиш "Навоийазот" АЖда барча ишлаб чиқаришлар режадан ташқари тўхташига сабаб бўлди

// 28 iyun 2021 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (159.05 KB)

Жорий йилнинг 28 июнь куни соат 16:57да “НАВОИЙ ҲЭТК” АЖга қарашли “Химия” подстанциясида қисқа туташув сабаб 110кВли электр энергияси ўчганлиги натижасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги “Навоийазот” АЖ ишлаб чиқариш объектларида электр энергияси узилиши кузатилди.

Автоматик тизим ишлаши натижасида корхонани таъминловчи ЛХ-10, ЛХ-4, ЛХ-11, ЛХ-3 линиялари Иссиқлик энергия станцияси линияси манбаига ўтиб, соат 17:08да “Химия” подстанцияси манбаидан қайта ўтишга рухсат берилиб, соат 18:16да “Химия” подстанцияси манбаига қайта тўлиқ ўтилди.

Натижада жамиятнинг ишлаб чиқариш цехлари, жумладан, ПВХ комплекси, Аммиак-3, Аммиак-4, Карбамид, Азот кислотаси, Аммиакли селитра, Хлорид кислотаси, Тиомочевина ишлаб чиқариш қурилмалари ҳамда ёрдамчи цехлар тўлиқ тўхтаб қолди.

Ҳозирда корхона мутахассислари томонидан юзага келган ҳолат бартараф этилмоқда. Жумладан, ҳаво ажратиш, сув таъминоти, буғ-қозон ёрдамчи цехлари ишга тушурилиб, Аммиак-3, Аммиак-4, Карбамид, Азот кислотаси, Аммиакли селитра, ПВХ комплекси ишлаб чиқариш цехларида босқичма-босқич қайта иш фаолиятини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Юз берган тўхталишлар “Навоийазот” АЖнинг азотли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайишига ва корхонани қайта ишга тушириш вақтида қўшимча сарф-ҳаражатларга олиб келади.

Ушбу авариявий тўхташ натижасида вужудга келадиган камомадларга қарамасдан ички ва ташқи бозорларга белгиланган шартномалар доирасида барча мажбуриятлар ўз вақтида бажарилиши таъминланади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати