
Жорий йилнинг биринчи чорагида «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналарида маҳсулотлар таннархини пасайтириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилди.
Хусусан, январь–март ойлари давомида маҳсулотлар таннархи 194,4 млрд сўмга камайтирилди. Бу кўрсаткич белгиланган режага нисбатан 111,7 фоизни ташкил этди.
Эришилган натижалар қатор омиллар ҳисобига таъминланди. Жумладан, энергия ресурсларини тежаш орқали 24,8 млрд сўм иқтисод қилинди. Бунинг натижасида 8,0 млн куб метр табиий газ ҳамда 14,9 млн кВт/соат электр энергияси тежалди.
Шунингдек, хомашё ва материаллар харажатларини оптималлаштириш ҳисобидан 56,8 млрд сўм, технологик ва бошқа йўқотишларни қисқартириш орқали 16,7 млрд сўм тежамкорликка эришилди. Саноат ходимлари сонини мақбуллаштириш 2,8 млрд сўм иқтисод қилиш имконини берди.
Харид қилиш, ташиш ва сақлаш жараёнларини самарали ташкил этиш натижасида 4,0 млрд сўм, бошқа турдаги харажатларни қисқартириш ҳисобига эса 89,3 млрд сўм маблағ тежалди.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида ҳам муҳим натижалар қайд этилди. Жами 29 та лойиҳа асосида 1,54 трлн сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Мазкур кўрсаткичлар тармоқда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини кенгайтириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.