.jpg)
Астана шаҳрида бўлиб ўтаётган МЭС -2026 Минтақавий экологик саммитида “Ўзкимёсаноат” АЖ вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга умумий ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган саммитда яшил молиялаштириш эҳтиёжларини аниқлаш, паст углеродли технологияларни жадал ривожлантириш ва минтақанинг экологик барқарорлигини мустаҳкамлашга устувор аҳамият берилган.

МЭС–2026 EXPO кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони алоҳида эътибор марказида. Унда “Ўзкимёсаноат” АЖнинг махсус стенди жойлаштирилиб, сўнгги йилларда экологик йўналишда эришилган натижалар кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда. Жумладан, жамиятнинг халқаро майдондаги нуфузини тасдиқловчи S&P Global томонидан берилган ESG рейтингига оид маълумотлар ҳам намойиш этилмоқда.

Шунингдек, стендда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида амалга оширилаётган стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларга ҳам алоҳида урғу берилган. Улар орасида ACWA Power билан ҳамкорликда ташкил этилган “ACWA Power UKS Green H2” қўшма корхонаси негизидаги яшил водород ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлаш орқали яшил минерал ўғитлар тайёрлаш ташаббуслари мавжуд.
“Ўзкимёсаноат” АЖнинг мазкур саммитдаги иштироки нафақат соҳадаги экологик масъулиятни намоён этади, балки Марказий Осиёда барқарор ривожланиш йўлидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
