Тошкент шаҳридаги «САЭХ Узбекистан» кўргазма мажмуасида VIII Инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги — “InnoWeek-2025” ўз ишини бошлади. “Чегарасиз ғоялар” шиори остида ўтказилаётган мазкур тадбир мамлакатимизда инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида илғор технология ва инновацияларни кенг жорий этиш, инсон капитали, илм-фан ва инновацион салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган.
Инновацион ҳафталик соҳанинг етакчи вакиллари, ҳамкор ташкилотлар, халқаро экспертлар ҳамда инвесторлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва тармоқ корхоналари ҳам “InnoWeek-2025” доирасида ўзларининг замонавий, юқори қўшилган қийматга эга инновацион маҳсулотлари билан иштирок этмоқдалар.
Жумладан, тоғ-кон саноати учун мўлжалланган қўрғошин нитрат, рух нитрат, натрий тетраборай, шунингдек, лаборатория таҳлиллари учун ишлатиладиган натрий ацетат, Мор тузи ва Несслер реактиви каби маҳсулотлар иштирокчилар ва мутахассислар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинмоқда.
Умуман, “InnoWeek-2025” ҳафталигида 400 га яқин инновацион лойиҳа ва ишланма намойиш этилмоқда. Тадбир инновация соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни кенг жамоатчиликка етказиш ва амалиётга жорий этишда муҳим қадам ҳисобланади.
"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати