«Ўзкимёсаноат» АЖ: экологик масъулият ва ресурсларни оқилона бошқаришга интилиш

// 24 iyul 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (5.39 MB)

Саноат соҳасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир. «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарида ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнларида сув ва энергия ресурсларини тежаш, чиқиндиларни камайтириш ва уларни қайта ишлаш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 8,2 млрд. сўмлик 58 та тадбирлар амалга оширилиши натижасида атмосферага ташланмалар 6,5 минг тоннага камайтирилди.

399 тонна чиқинди ҳосил бўлишининг олди олинди, 15 800 тонна чиқинди утилизация қилинди, 33000 куб метр ичимлик ва 277000 куб метр артезиан суви иқтисод қилинди, сув ташламалари135000 куб метрга ҳамда токсик ташламалар1700 тоннага камайди.

Шу билан бирга «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида мунтазам мониторинг ишлари амалга ошириб келинмоқда. Бу жараён доимий равишда ҳаво, сув, тупроқ ҳамда чиқиндиларнинг таркиби ва таъсирини назорат қилиш орқали амалга оширилади. Мониторинг орқали зарарли моддаларнинг миқдори, уларнинг меъёрдан ошиш ҳолатлари ва чиқиндилар оқибатида юзага келадиган экологик хатарлар барвақт аниқланади.

Мониторинг жараёнлари корхоналарда фақат норматив талабларни бажариш учун эмас, балки экологик хавфларни олдиндан аниқлаш, соғлом иш муҳитини таъминлаш ва аҳоли саломатлигига бўлган эҳтиёт чораси сифатида ҳам фаол амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, ушбу маълумотлар тегишли давлат ташкилотларига тақдим этиб борилади. Бу эса экологик шаффофликни таъминлайди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мамлакатимизни яшил ҳудудга айлантириш мақсадида амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар баҳор мавсумида тармоқ корхоналарда 30 гектар ерга жами 491,6 минг дона, шу жумладан корхоналарда 367 минг дона ҳамда раҳбар ва ишчи ходимлар хонадонларида 124,6 минг дона намунавий равишда манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. 5 гектардан ортиқ ерларда «яшил белбоғ»лар яратилди. Катта автомобиль йўлларининг четларига 10 қатордан манзарали дарахтлар экилди ва томчилаб суғориш тизими йўлга қўйилди.

Экилган дарахтларни парваришлаш ва уларни униб-ўсиши учун корхоналарда томчилаб суғориш тизимини йўлга қўйиш бўйича масъул шахслар тайинланди. Шу билан бирга кўчатларни томчилаб суғориш тизими билан таъминлашга ҳам эътибор қаратилмоқда.