Сарҳисоб: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни камайтириш мақсадида олиб борилган чора-тадбирлар натижаси

// 14 yanvar 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1022.74 KB)

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хусусан, саноат корхоналарининг атроф муҳитга таъсирини камайтириш орқали экологик ҳолатни яхшилаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида комплекс ёндашув ва стратегик режалаштиришнинг самарали ва замонавий усуллари жорий этилмоқда.

Жамият кимё саноатини замонавийлаштириш, реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлашга йўналтирилган ягона техника сиёсатни юритиш билан бир қаторда ишлаб чиқаришда  экологик тозаликни таъминлаш, чиқиндисиз  технологияларни ва атроф муҳитни сақлаш дастурларини жорий этишни мақсад қилган.

Тармоқда 2024 йил давомида  умумий қиймати 34,3 млрд сўм қийматдаги чора-тадбирлар амалга оширилди. Чанг-газ тозалаш ускуналарини таъмирлаш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ҳисобига атмосферага 15,6 минг тонна ташланмани қисқартиришга эришилди. Локал оқова сув тозалаш иншоотларини таъмирлаш ҳиособига 3,3  млн куб метр оқова сувларини чиқаришнинг  олди олиниб, 787,6 млн куб метр артезиан суви иқтисод қилинди. Ихтисослашган ташкилотлар билан шартномалар тузиш ва корхоналарнинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда 31,7 минг тонна чиқиндининг утилизация қилинишига эришилди.

Бу каби ишлар жорий йилда ҳам фаол давом эттирилади. 2025 йилда кимё корхоналари бўйича умумий қиймати 35,7 млрд сўмга тенг 91 та чора-тадбирдан иборат тармоқ дастури тасдиқланиб, ижросини таъминлашга киришилди.

Натижада атмосферага 17,8 минг тонна ташланманинг, 224,8  минг куб метр оқова суви чиқишининг олди олинади. Шу билан бирга 441,2 минг куб метр артезиан суви иқтисод қилинади ва 32,6 минг тонна чиқинди утилизация қилинади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда унинг тармоқ корхоналари «Яшил макон» умуммилий лойиҳаси доирасида ҳам 2024 йилда қатор тадбирларни амалга оширди. Хусусан, Жамият тармоқ корхоналари томонидан 2024 йил баҳор ва куз мавсумларида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экиладиган манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари бўйича прогноз кўрсаткичлари (миллий дастур) қабул қилиниб, унга кўра жами 1,2 млн. дона кўчат ўтказиш режа қилинди. Ўтган йил баҳор (март-апрель) мавсумида тармоқ корхоналарда 167,5 гектар ерга жами 854,5 минг дона манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди.

2024 йилнинг куз мавсумида «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари томонидан 65,6 гектар ерга 491,4 минг дона манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари ўтказилди. Шу жумладан корхоналар атрофида «яшил белбоғ»лар яратилди.

Умуман «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари томонидан 2024 йилга режалаштирилган 1,2 млн. дона манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатларидан жами 1,34 млн. дона экилиб, режа 111,67 фоизга бажарилди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати