Пойтахтимизда “Азот Синтезгаз. Ўзбекистон ва МДҲ” ИВ халқаро конгресси ва кўргазмаси ўз ишини бошлади

// 19 noyabr 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (66.62 MB)

Анжуманда 200 нафардан ортиқ мутахассис иштирок этмоқда, 10 дан зиёд йирик инвестиция лойиҳалари тақдим қилинмоқда.

Мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларидаги йирик синтез-газини қайта ишлаш корхоналари, давлат идоралари, ишлаб чиқариш технологиялари лицензиарлари, ускуна ишлаб чиқарувчилар, инжиниринг ва лойиҳа-қурилиш компанияларини бир майдонда жамлади.

Конгресснинг очилиш қисмида “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Евгений Коржиков иштирокчиларга табрик сўзини йўллаб, замонавий шароитда технологияларни маҳаллийлаштириш ҳамда ички бозорни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

“Чирчиқ” ва “Жиззах” кимё-индустриал технопарклари дирекцияси директори Жасур Муҳамедов ҳамда Резидентлар билан ишлаш департаменти раҳбари технопарклар фаолияти ҳақида батафсил тақдимот ўтказиб, хорижий ишлаб чиқарувчиларни жалб этиш масалалари юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Конгресс давомида ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва модернизация қилишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳалари, шунингдек азот, метанол, аммиак ва минерал ўғитлар (азот, калий, фосфор, комплекс) ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини янада самарали ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар тадбирнинг биринчи кунида Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида синтез газини қайта ишлаш саноати учун замонавий ечимлар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Бундан ташқари, метанол ва аммиак ишлаб чиқаришдаги технологик муаммолар, уларнинг афзалликлари ҳамда саноат корхоналарини қуриш бўйича режалаштирилган ва амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан тажриба алмашилди.

Конгресс эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати