“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан “Комплаенс-назорат” тизими фаолияти юзасидан учрашув ташкил этилди

// 25 mart 2021 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (133.29 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида жорий йилнинг 24 март куни ташкилот тизимида ташкил этилган “Комплаенс-назорат” тизими фаолияти юзасидан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда “KPMG” халқаро аудиторлик ташкилоти вакиллари И. Бурдикова, О. Дубаневич, Х.Газиханов ва С.Мирза-Ахмедова, “Ўзкимёсаноат” АЖ Комплаенс-назорат ходимлари ҳамда ташкилот тизимидаги корхона вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан республикамизда коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс-назорат тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармонига мувофиқ кимё саноати корхоналарида ҳам мазкур тизим йўлга қўйилганлиги алоҳида таъкидланди.

“KPMG” халқаро аудиторлик ташкилоти вакили И.Бурдикова комплаенс тизимини жорий этиш механизмлари ва унинг самарадорлиги ҳақида маълумот берди. Ташкилот томонидан ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида тадбирлар ва давра суҳбатлари ўтказилиши алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган ички меъёрий ҳужжатларни ўзлаштириш ва ходимларга тушунтириш жараёнида вужудга келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.

Жумладан, ишонч телефони орқали келиб тушаётган аноним хабарларни кўриб чиқиш жараёнининг Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқлиги, корхоналарда коррупцион хавф-хатарларни баҳолашда омилларнинг асослантирилганлиги юзасидан музокаралар бўлиб ўтди.

Давра суҳбати давомида “Ўзкимёсаноат” АЖ Комплаенс хизмати томонидан фуқароларни ишга олиш, ходимларни лавозимдан лавозимга ўтказиш ва харидларни амалга оширишда коррупциоген омилларнинг ва жамият мулки талон-торож қилинишининг олдини олиш, харид тизими шафофлигини таъминлаш ва соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Тадбир сўнгида “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тасдиқланган 2020-2021 йилларда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида 2021 йил 19 апрель куни жамиятда “KPMG” халқаро аудиторлик ташкилоти вакиллари томонидан ички аудит ўтказилиши маълум қилинди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати