“Химия” подстанциясида электрэнергия таъминотидаги узилиш “Навоийазот” АЖда режадан ташқари тўхталишларга сабаб бўлди

// 11 iyun 2021 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (52.14 KB)

Жорий йилнинг 10 июнь куни соат 23:25да “Химия” подстанциясида қисқа туташув сабаб 110кВли “Л-Зарафшон” ҳаво линиясида электр энергияси ўчганлиги натижасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги “Навоийазот” АЖ объектларида электр узилиши кузатилди. Автоматик тизим ишлаши натижасида корхонани таъминловчи ЛХ-10, ЛХ-4, ЛХ-15 линиялари Иссиқлик энергия станцияси линияси манбаига ўтиб, жорий йил 11 июнь куни соат 03:42да “Химия” подстанцияси манбаига қайта ўтилди.

Натижада жамиятнинг ишлаб чиқариш цехлари, жумладан, Аммиак-3, Аммиак-4, Карбамид, Азот кислотаси, Аммиакли селитра, Хлорид кислотаси, Тиомочевина ишлаб чиқаришлари қурилмалари ҳамда ёрдамчи цехлар тўлиқ тўхтаб қолди.

Ҳозирда корхона мутахассислари томонидан юзага келган ҳолат бартараф этилмоқда. Жумладан, ёрдамчи цехлар Ҳаво ажратиш, Сув таъминоти, Буғ-қозон цехлари ишга тушурилиб, Аммиак-3, Аммиак-4, Карбамид, Азот кислотаси, Аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехларида босқичма-босқич қайта иш фаолиятини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Юз берган тўхталишлар “Навоийазот” АЖнинг азотли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайишига ва корхонани қайта ишга тушириш вақтида маҳсулот ишлаб чиқаришсиз қўшимча сарф-ҳаражатлар бўлишига олиб келди.

Аммиак ишлаб чиқариш 3 навбати қурилма ва жиҳозларини қайта ишга тушириш натижасида 11 июнь куни соат 8:00га қайта қувватга чиқди ва истеъмолчиларга маҳсулотларни тўла етказиб бера бошлади.

Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплексининг иш фаолиятини қайта тиклаш учун лойиҳа хужжатлари талабига мувофиқ бўлинмаларни кетма-кет ва меъёрда ишга тушириш 4-5 кунни талаб этади.

Азот кислотаси 4 навбати ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Биринчи навбатда ёрдамчи буғ қозон 11 июнь куни соат 7:00да ишга туширилди. Ҳозирда компрессор қурилмасини ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.

Аммиакли селитра ишлаб чиқариш қувватлари соатига 87,5 тоннадан 10 тоннага пасайтирилди. Азот кислотаси ва Аммиак ишлаб чиқаришнинг 4 навбатлари ишга тушиши билан цех юкланмаси қайта тикланади.

Ҳозирда корхона мутахассислари томонидан вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, юзага келган ҳолатни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми қисқариши кутилмоқда. Корхона ишлаб чиқариш қувватлари 4-5 кун ичида тўлиқ тикланади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати