“Мицубиси Корпорейшн” ва “Мицубиси Хэви Индастриз” компаниялари билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишларини жадаллаштириш масаласи муҳокама қилинди

// 31 avgust 2020 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (296.44 KB)

Жорий йилнинг 31 август куни Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси биносида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси в.б. Ж.Мирзамаҳмудов иштирокида видеоконференцалоқа орқали “Мицубиси Корпорейшн” ва “Мицубиси Хэви Индастриз” компаниялари раҳбариятининг вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Музокаралар давомида “Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш” лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш, қурилиш майдонига кадрларни сафарбар этиш ва қисқа муддатларда объектнинг ишга туширилишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Тўрақўрғон ИЭСда ишга тушириш-созлаш ишларининг ташкилий масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, япониялик мутахассисларни қурилиш майдонига қайтариш ва ишга тушириш-созлаш ишларини жадаллаштириш, майдон ва ташқи инфратузилмани тайёрлаш, мажмуани ишга тушириш ва ундан фойдаланишга жалб этиладиган маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

Япония томони барча ишларни хавфсизлик чора-тадбирларига риоя қилган ҳолда имкон қадар тез орада ва сифатли якунлаш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишини таъкидлаб ўтди.

Жорий йилнинг сентабрь ойида япониялик мутахассислар, шунингдек, бошқа давлатлардан жалб этилган мутахассисларни босқичма-босқич қайтаришни ташкил этиш ва жорий йил охирига қадар замонавий мажмуани ишга тушириш бўйича барча комплекс ишларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси делегацияси япониялик ҳамкорлар билан энергетика ва кимё саноати тармоқларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Япониядаги расмий ташрифини давом эттирмоқда.

 “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати