Бугун АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзкимёсаноат" АЖ ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов минерал ўғитларни биржа савдоларида сотиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Унда таъкидланишича, минерал ўғитларни биржа савдоларида сотишнинг янги тизими жорий қилинмоқда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини жадаллаштириш ва ҳосилдорликни оширишда минерал ўғитлар муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқотларга кўра, экинлар ҳосилининг қарийб ярми минерал ўғитлар ҳисобига олинади.
Шунга кўра, жамият томонидан фермерлар, кластер хўжаликлари ва бошқа истеъмолчилар учун қатор қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, кимё корхоналари минерал ўғитларни Республика товар-хомашё биржасида форвард шартномалар асосида сотишни жорий қилди.
– Форвард шартномаси фермерларга ўғитларни олдиндан тўловнинг 30 фоизгача миқдорини тўлаб, қолган қисмини 90 кун ичида факторинг хизмати орқали амалга ошириш имконини беради. Масалан, фермер хўжалиги 100 миллион сўмлик аммиакли селитра харид қилишни режалаштирса, у 30 фоизгача олдиндан тўловни амалга оширади. Сотувчи корхона ҳужжатларини расмийлаштириб, банкка тақдим этади. Банк эса қолган 70 миллион сўм миқдорида факторинг кредитини расмийлаштириб, минерал ўғит ишлаб чиқарувчи корхонага маблағ ўтказади, – деди Ҳ.Тўлаганов.
Ушбу кредит гаров талаб қилинмайдиган молиявий восита бўлиб, унинг 5 фоизгача дисконти корхона томонидан қоплаб берилади. 90 кундан кейин фермер хўжалиги етиштирилган ҳосилнинг даромадидан факторинг кредитини банкка қайтаради.
Тадбирда ахборот хизмати раҳбари янги тизим орқали фермерлар ўғитларни ўз вақтида харид қилиш имкониятига эга бўлиши, ишлаб чиқарувчилар эса маблағни дарҳол олиб, фаолиятини барқарор давом эттириши мумкинлигини таъкидлади.