Менделеев номидаги РКТУнинг Тошкент шаҳридаги филиалида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

// 20 noyabr 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (55.93 MB)

Юртимизда ёшларга бўлган эътиборни кучайтириш, уларнинг фикрини эшитиш ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароит яратиш мамлакат тараққиётининг муҳим таркибий қисмига айланди. 

Шу мақсадда “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан ёш мутахассислар билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ раиси Одил Темировнинг навбатдаги мулоқоти Менделеев номидаги РКТУнинг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари билан бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви аъзолари, Менделеев номидаги РКТУнинг Тошкент шаҳридаги филиали раҳбарияти ва педагоглари ҳамда 200 нафарга яқин талаба иштирок этди. Учрашувда ёшлар ўз таклиф ва саволлари билан тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди. Айниқса, талаба ёшларнинг ўқиш билан бирга бевосита амалиёт жараёнларида иштирок этиши, кимё корхоналарида амалга оширилаётган инновацион лойиҳаларга уларни жалб қилиш, малака ошириш имкониятлари бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди. 

Шунингдек, талабалар ўқув дастурларини ишлаб чиқаришдаги бугунги замонавий тенденсияларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириб борилишига, кимё соҳасида бизнесни юритиш учун яратилган қулайликлар билан қизиқдилар. 

Тармоқ корхоналари фаолиятини ўрганиш, ишлаб чиқаришга илғор инновацион технологияларни жорий этиш каби масалалар ҳам иштирокчилар диққат марказида бўлди. Тадбир сўнггида ҳар томонлама фаол бўлган талабалар илм олишга бўлган интилувчанлиги ва ташаббускорлиги юқори баҳоланиб, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати