Мақсад ишлаб чиқаришда экологик тозаликни таъминлаш, чиқиндисиз технологияларни ва атроф-муҳитни сақлаш дастурларини жорий этиш

// 06 noyabr 2024 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (260.66 KB)

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5-сон Фармонида ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида йирик саноат корхоналари ташламаларини кескин қисқартириш мақсадлари илгари сурилган.

Шу ўринда «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарида ҳукумат қарорига асосан, экологик вазиятни яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва тармоқни чиқиндисиз соҳага айлантириш, шунингдек, айланма иқтисодиёт амалиётини жорий қилиш бўйича «йўл харитаси» амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, кимёвий чиқиндиларни утилизация қилиш - хавфсиз ишлаб чиқариш ишларини таъминлайдиган, шунингдек, атроф-муҳитга минимал зарар етказадиган муҳим жараёндир.

 «Ўзкимёсаноат» АЖ тасарруфидаги корхоналарда ҳосил бўлган чиқиндиларни утилизация қилиш ишлари рақамларда таҳлил қилинадиган бўлса, шу йилнинг 1 чорагида 12 700 тонна, 6 ойлигида 17 300 тонна, 9 ойлигида эса 21 300 тонна чиқинди утилизация қилинган. 

Шу ўринда бир таққос — чиқиндилар ҳажми жорий йилнинг 9 ойида 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 9 076 тоннага камайган.  Албатта, бу тармоқ корхоналари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирларни амалга оширилганлиги натижасидир.

Қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш орқали керакли хом ашёга айлантириш каби инновацион технологияларнинг кенг жорий қилинаётгани ҳам чиқиндилар ҳажмини янада камайтириш имконини бермоқда.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати