Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда кимё саноати корхоналарини молиявий-иқтисодий соғломлаштириш ва уларнин гфаолиятини барқарорлаштириш, амалдаги ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш бўйича янги қувватларни барпо этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали тармоқни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб бериш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш борасидаги чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, кимё саноатини жадал ривожлантириш ва диверсификация қилишга қаратилган лойиҳаларни амалда рўёбга чиқариш, энг аввало, давлат активларини хусусий мулкка сотиш ҳисобига корхоналардаги давлат улушини қисқартириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этиш ҳамда корхоналарнинг бошқарув тузилмасини такомиллаштириш орқали тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилиши зарурлигини тақозо этмоқда.
Кимё саноатини янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва тармоқни диверсификация қилишга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида:
1. "Ўзкимёсаноат" АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда оптималлаштирилган ва янги истиқболли лойиҳалар билан тўлдирилган, ҳисобланган қиймати12,1 миллиард АҚШ долларига тенг, шу жумладан, 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига 31 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутувчи ҳамда қуйидагиларга қаратилган 2019-2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ маъқуллансин:
азотли, фосфорли, калийли ва мураккаб минерал ўғитларни, шу жумладан, ушбу маҳсулотларни “Навоийазот” АЖ, “Самарқандкимё” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Қўқон суперфосфат заводи” АЖ, “Аммофос-Максам” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” МЧЖ негизида, шунингдек, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Навоий вилоятининг Томди туманида ишлаб чиқариш бўйича амалдаги қувватларни модернизация қилиш, кенгайтириш ҳамда энергия жиҳатидан самарадор янги қувватларни барпо этиш;
“Ўзбекнефтгаз” АЖ билан биргаликда ва етакчи хорижий компаниялар иштирокида ҳамда илғор технологиялар ва замонавий инновацион ишланмаларни қўллаган ҳолда полимер маҳсулотлари, шу жумладан, полиэтилентерефталат (ПЭТ), поливинилхлорид (ПВХ), синтетик каучук, полистирол, полиуретан, полиол, акрилонитрил-бутадиен-стирол (АБС) пластик, полиакрилонитрил (ПАН) маҳсулотларини чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш;
тармоқ корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш самарадорлигини, уларнинг негизида иқтисодиёт тармоқларида талаб этилаётган кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини, шу жумладан, меламин, метиламин, формальдегидли, карбамид-формальдегидли ва меламин-формальдегидли сақичлар, этилацетат, озуқа тузи, натрий бикарбонати, хлор-сирка кислотаси, натрий нитрати, бутилацетат, тринатрий фосфат, нитроцеллюлоза, металлургия, нефтгаз ва тўқимачилик саноатлари учун реагентлар, катализаторлар ва кимёвий қўшилмалар, шунингдек, полимер фитинглар, биаксил йўналтирилган полипропилен плёнкаси (БОПП), ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва уларни ишлаб чиқариш учун амалдаги моддаларни чиқариш бўйича ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Кимё тармоғида ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
тармоқнинг айрим корхоналари активларини маҳаллий ва хорижий инвесторларга сотиш орқали амалдаги ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва кенгайтиришга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш;
“Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилий тузилмасини такомиллаштириш ва жамият бошқаруви органларининг мустақиллиги ва масъулиятини оширишга қаратилган корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш;
кимё тармоғи корхоналарининг фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий ҳолатини янада яхшилаш.
3. “Ўзкимёсаноат” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат ва “Ўзкимёсаноат” АЖ улушларини қуйидаги тартибда сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
а) инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан потенциал инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш йўли билан:
“Самарқандкимё” АЖ устав капиталидаги 60,35 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 39,65 фоиз акцияларини экологик жиҳатдан зарарсиз замонавий кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш шарти билан “ноль” харид қийматида;
“Қўнғирот сода заводи” МЧЖ устав фондидаги “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 51 фоиз улушини корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини йилига 200 минг тоннадан 450 минг тоннагача ошириш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун инвестицияларни жалб қилиш шарти билан бозор қийматида;
“Қўқон суперфосфат заводи” АЖ устав капиталидаги 70,54 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 25 фоиз акциялари – “Индорама” (Сингапур) компаниясига суперфосфат ишлаб чиқариш қувватини 100 фоиз соф ҳолда 63минг тоннага етказиш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан 4,3 миллион АҚШ доллари миқдорида сотиб олиш қийматида;
б) “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 48,05 фоиз давлат акциялари ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 2,95 фоиз акцияларини инвестор томонидан аммиак ишлаб чиқариш қувватини йилига660 минг тоннага, карбамидни – 600 минг тоннага, аммиакли селитрани – 700 минг тоннага ва азот кислотасини – 530 минг тоннага етказиш бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан – танлов савдоларида бозор қийматида;
в) "Электркимёзавод" ҚК АЖ устав капиталидаги “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 26,14 фоиз акцияларини – очиқ савдоларда бозор қийматида;
г) “Жиззах пластмасса” АЖ устав капиталидаги 25 фоизгачаакциялар – дастлабки босқичда бирламчи оммавий таклифни (IPO) ўтказиш асосида;
д) қуйидагилар орқали:
“Деҳқонобод калий заводи” МЧЖни акциядорлик жамиятига ўзгартириш ҳамда жамиятнинг устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан ортиқ акцияларни потенциал инвесторлар мавжуд бўлганда ва улар томонидан гранулаланган хлорли калий, калий сульфати ва калий тузларининг бошқа турларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, юк ташувчи осма йўл ва ташқи электр таъминоти линиялари қурилишини якунлаш бўйича инвестиция, шунингдек, ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан уларни тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали сотиш имкониятини назарда тутган ҳолда танлов савдоларда бозор қийматида;
“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖни акциядорлик жамиятига ўзгартириш ва жамиятнинг устав капиталининг 51 фоизигача бўлган миқдорда қўшимча чиқарилган акцияларини потенциал инвесторлар мавжуд бўлганда ва тушган маблағларни жамият инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ҳамда жалб этилган кредитларни сўндиришга йўналтирган ҳолда уларни тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали реализация қилиш имкониятини назарда тутган ҳолда очиқ савдоларда бозор қийматида сотиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
“Қўқон суперфосфат заводи” АЖ ва “Фарғонаазот” АЖ устав капиталларидаги давлат улушини сотишдан тушган маблағлар, истисно тариқасида, “Ўзкимёсаноат” АЖ устав капиталидаги давлат ҳиссаси сифатида, мазкур маблағлардан ушбу қарорга 1-иловада кўрсатилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда мақсадли фойдаланиш учун Кимё саноати ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига тўлиқ йўналтирилади;
“Ўзкимёсаноат” АЖ унинг таркибидаги қайта ташкил этилган ташкилотларга тегишли юридик шахсларнинг 50 фоиз ва ундан ортиқ акцияларига эгалик қилишга киришиши янгидан харид қилинган акциялар пакети деб ҳисобланмайди;
ушбу қарорга мувофиқ тармоқ корхоналарини қайта ташкил этишда ташкилотдан ташкилотга ўтказиладиган мулк, мулк ҳуқуқлари, шунингдек, акциялар, улушлар ва активлар ҳамда давлат активларини сотишдан тушган, шу жумладан, “Ўзкимёсаноат” АЖ устав капиталига ўтказиладиган даромадлар қиймати юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, тўлов манбаидан тўланадиган дивидендлар кўринишидаги даромадларга солиқ ҳисоблашда солиқ солинадиган базага киритилмайди;
Деҳқонобод калий заводи акцияларини потенциал инвесторларга тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ёки қўшимча акцияларни чиқариш орқали, шу жумладан, уларга инвестиция мажбуриятларини юклаган ҳолда сотишдан тушган маблағлар жамиятнинг Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси олдидаги кредитларини сўндиришга йўналтирилади;
хўжалик бошқаруви органларининг устав капиталига ўтказилган хўжалик жамиятлари устав капиталларидаги улушларни тасарруф этиш уларнинг бошқарув органлари қарорлари билан амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда минерал ўғитлар нархларининг кескин ўзгариши хавфини ҳамда пахта хомашёси ва ғалла қийматига таъсирининг олдини олишни ҳисобга олган ҳолда минерал ўғитларга бўлган нархларни шакллантиришнинг бозор механизмларини жорий этиш, шунингдек, минерал ўғитларни сотиб олиш учун биржа савдоларида барча иштирокчилар (харидорлар) учун тенг шароитларни таъминлаш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг ушбу қарорга 3-иловада кўрсатилган умумий қиймати85,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги, шу жумладан, молиялаштириш манбаи сифатида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига “Ўзкимёсаноат” АЖ инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини оптималлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ТИФ ТН бўйича 4011 ва 4012 коди билан импорт қилинадиган автомобиль ва қишлоқ хўжалиги шиналарига божхона божларининг аралаш ставкаси жорий этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 августдаги “2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ-3236-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Э.М.Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.
Ш.МИРЗИЁЕВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тошкент шаҳри, 2019 йил 3 апрель