Кимё саноати: экспорт ва инвестицияларда барқарор ўсиш

// 22 aprel 2026 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (3.98 MB)

Жорий йилнинг январь–март ойлари якунларига кўра, кимё саноатида экспорт ҳажмлари ва инвестиция фаоллиги изчил ўсишни намоён этди. Ҳисобот даврида соҳада амалга оширилган ишлар мамлакат иқтисодиётида кимё тармоғининг стратегик аҳамияти ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Хусусан, уч ой давомида жами 57 та давлатга 27 турдаги кимё маҳсулотлари экспорт қилиниб, умумий қиймат 146,5 млн долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич белгиланган режага нисбатан 109 фоизга бажарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104 фоиз ўсишга эришилди. Экспорт таркибида минерал ўғитлар асосий улушни эгаллаб, 74,8 млн долларлик маҳсулот хорижга етказиб берилди. Улар қаторига карбамид, аммиакли селитра, сульфат аммоний, хлорли ва сульфат калий, суперфосфат ҳамда НПК ўғитлари киради. Шунингдек, 71,7 млн долларлик 20 турдан ортиқ бошқа кимё маҳсулотлари ҳам ташқи бозорларга чиқарилди.

Маҳсулотлар географияси тобора кенгайиб, қўшни давлатлар билан бир қаторда Европа, Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий ва Шарқий Осиё, шунингдек Жанубий Америка мамлакатлари бозорларини ҳам қамраб олди.

Инвестиция йўналишида ҳам ижобий натижалар қайд этилди. Январь–март ойларида жами 139,8 млн доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, режа 105 фоизга бажарилди. Мазкур маблағлар доирасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, «Навоийазот» АЖ негизида қуввати 75 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилмоқда. Шунингдек, «Чирчиқ» ва «Жиззах» технопаркларида янги ишлаб чиқариш қувватлари яратиш, «БРЗ» МЧЖ ХКда замонавий шиналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, «JV Continaz» МЧЖ томонидан қуруқ циан тузлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Мазкур кўрсаткичлар кимё саноатида диверсификация, қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ҳисобланади.