“Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ташкил этилди

// 26 mart 2021 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (471.34 KB)

 

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизимдаги корхона ва ташкилотлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида ўтказилаётган кўкаламзорлаштириш лойиҳасининг навбатдаги тадбири “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги   “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5863-сонли фармони ижросини таъминлаш ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳасини юқори савияда ўтказиш мақсадида жорий йилнинг март ойи “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида “Кўкаламзорлаштириш ойлиги” деб эълон қилинди.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад корхона-ташкилотлар жойлашган ҳудуд экологик ҳолатини янада яхшилашга кўмаклашиш ҳамда атроф-муҳитни манзарали дарахтлар билан бойитиш ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги тармоқ корхона ва ташкилотлар томонидан дарахт ва манзарали кўчатлар экиш белгиланган. 2020 йил “Кўкаламзорлаштириш ойлиги” давомида биринчи марта ўтказилган лойиҳа доирасида жамият тизимидаги корхона-ташкилотлар томонидан 62500 дона манзарали дарахтлар, 1200га яқин мевали дарахтлар ва 81000дан ортиқ манзарали кўчатлар ҳамда гуллар экилди.

26 март куни “Жиззах пластмасса” АЖда ўтказилган кўчат экиш тадбирида корхона томонидан 550 дона дарахт ва 600га яқин манзарали кўчатлар ҳамда гуллар экилди.

Тадбирда корхона тизимида фаолият юритаётган ходимлар, ёшлар, “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти ва масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиз кимё саноатини янада ислоҳ қилишга қаратилаётган барча лойиҳаларнинг асосий мақсади, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини қўллаш орқали, энергия ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни ифлослантирилишини олдини олишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида 2020-2022 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш” бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат Қўмитаси билан келишилди.

Унга кўра, тармоқ корхоналарида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбааларидан намуналар олиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар автоматик кузатиш постлари билан босқичма-босқич жиҳозлаш, сув тозалаш иншоотларини ва технологик жараёнларни реконструкция хамда модернизация қилиш ишларини олиб бориш натижасида атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли ташланмалар, суюқ ва қаттиқ чиқиндиларни 20% камайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан юқорида санаб ўтилган амалий ишлар билан бир қаторда келажак авлодга экологик жиҳатдан соф табиатни қолдириш, атроф-муҳит ҳимоячиси бўлган яшил ҳудудларни янада кенгайтиришга қаратилган март ойи давомида ўтказиладиган “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда.

Дунё миқёсида кузатилаётган глобал исиш сабабларидан бири тропик ўрмонларни йўқ қилиш орқали яратилган ортиқча иссиқхона газлари ҳисобланади. Карбонат ангидрид эса (CО2) асосий иссиқхона газларидан саналанади. Дарахтлар фотосинтез жараёнида ушбу зарарли CО2ни кислород айлантиради. Маълумотларга кўра, бир йил давомида 4047 кв. м. ҳудудга экилган катта дарахтлар 42000 км масофани босиб ўтган автомобиль томонидан ҳосил бўладиган CО2 миқдорини зарарсизлантиради.

Шунингдек, яшил дарахтзорлар аҳоли пунктларининг санитар-гигиеник шароитларини яхшиловчи восита (ҳавонинг таркибини яхшилаш, уни касаллик келтириб чиқарувчи микроорганизмлардан тозалаш, чанг, газ, саноат чиқиндиларидан ҳимоя қилиш) ҳам ҳисобланади. Дарахт ва бута ўсимликлари шовқинни ўзига сингдиради. Бу эса шаҳар шароитида, айниқса, муҳимдир. Ҳиёбон ва боғлар эса одамларга эстетик завқ бағишлайди, асаб системасини тинчлантиради ва севимли дам олиш маскани бўлиб хизмат қилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати