“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар томонидан минерал ўғитларга бўлган ички талаб тўлиқ қондирилади

// 21 aprel 2021 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (117.98 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитларнинг савдосини Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси орқали амалга оширади. Биржа савдоларига қўйилган маҳсулотларнинг сифати корхоналар томонидан кафолатланади.

Жорий йилда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан ғалла ҳосили учун фермер, кластер ва деҳқон хўжаликларига талаб қилинган азотли минерал ўғитлар агротехник тадбирлар даврида таъминланди. Жумладан, 760 минг тонна азотли минерал ўғитлар қисқа давр ичида реализация қилинди ва етказиб берилди.

Бундан ташқари бу йилги пахта ҳосили учун ҳам 180 минг тонна азотли ўғитлар етказиб берилиб, захира яратилди. Жорий йилнинг 1 июлигача пахта ҳосили учун яна 520 минг тонна азотли ўғит етказиб берилиши учун барча чоралар кўрилади. Шу билан бирга бошқа экинлар учун ҳам 56,4 минг тонна азотли ўғитлар ички бозорга етказилди.

Мавжуд қувватлардан келиб чиқиб таъкидлаш лозимки, азотли ўғитлар ресурси етарли, керак бўлса экспортни қисқартириб бўлса ҳам ички талаб тўлиқ қондирилишини маълум қиламиз.

Охирги 2-3 кунда биржада нархларни асоссиз кўтариб юборилаётганлиги кузатилмоқда. Тўғри 2021 йил 15 апрель куни “Навоийазот” корхонасининг Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуаси хорижий лицензиарлар талабига кўра режали тўхтатилди. Шунингдек, “Фарғонаазот” корхонаси авария ҳолатда тўхтаганлиги сабабли биржага азотли ўғитларни кунлик чиқариш хажми сезиларли даражада камайди. Ушбу нокулайликлар учун узр сўраймиз ва истеъмолчиларни саросимага тушмасликларини илтимос қиламиз. Чунки ушбу ҳолат истеъмолчиларнинг саросимага тушишига арзимайди.

“Навоийазот” АЖ 19 апрелдан ишга туширилди ва корхона босқичма-босқич тўлиқ қувватга тушди. Ҳудди шундай авария ҳолатида тўхтаган “Фарғонаазот” корхонасида ҳам мутахассислар томонидан кечаю-кундуз таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва 23-24 апрель кунлари ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Натижада келаётган хафтанинг душанба кунидан бошлаб учта азот ишлаб чиқарувчи корхоналардан кунлик 10 минг тонна яъни 150 вагонга яқин азотли ўғитлар биржа савдоларига чиқарилади бу бир ойда 300 минг тонна дегани. Шунинг учун сизларга шуни таъкидламоқчимиз, бу йилда азотли ўғитларнинг етишмовчилиги кузатилмайди. Энг кўп ўғит талаб қиладиган пахта ҳосилини тўлиқ таъминлаш учун яна 520 минг тонна ўғит ёки 52 кун керак бўлади, яъни корхоналаримиз томонидан ўз вақтида таъминлаб берилади.

Шу ўринда минерал ўғитларнинг нархларини мавсумда кўтарилиши ҳақидаги фикрлар асоссиз эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Тажрибадан келиб чиқиб шуни айтиш жоизки, биржа савдоларида минерал ўғитнинг нархини сунъий ошириб, қиммат нархларда сотиб олган харидорлар, кейин катта миқдордордаги шартномаларни жаримасиз бекор қилишни сўраб мурожаат этганлар кўпчиликни ташкил қилади. Мисол учун жорий йилнинг март ойида
24,9 млрд. сўмлик 10,5 минг тонна аммиакли селитра ва карбамид минерал ўғитлари қиммат олиб қўйилиб, кейинчалик жарима қўлланган ҳолда бир нечта шартномалар бекор қилинган ва ҳозирги кунда ҳам бундай ҳолат учраб турибди.

Юқорида ҳолатларни олдини олиш ҳамда қалбаки маҳсулотлардан сақланиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига минерал ўғитларни ишлаб чиқарувчи корхоналардан, биржа савдолари орқали харид қилишни тавсия этамиз.

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги “Ўзкимёсаноат” АЖ савдо майдончаси орқали ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдоси бўйича барча маълумотларни www.uzkimyosanoat.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги https://t.me/uzkimyosanoat ва https://www.facebook.com/uzkimyosanoat/ расмий саҳифалари орқали олишингиз мумкин.

Маҳсулотларни етказиб бериш ва уларнинг сифат даражаси бўйича таклиф ва эътирозларингиз бўлса, (78) 140-74-48 ишонч телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати