«Давлат гeрби – ифтихор рамзи» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

// 01 iyul 2022 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (2.54 MB)

«Ўзкимёсаноат» АЖда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан «Оламни маҳлиё айлаган диёр!» шиори остида «Давлат герби – ифтихор рамзи» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда жамият марказий аппарати ва тармоқ корхоналари мутасаддилари ва  ходимлари иштирок этишди. Шунингдек, мазкур тадбирнинг юқори савияда ўтишини таъминлаш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Зиёдахон Акбарқулова масофавий тарзда гербимиз тарихига бағишланган маърузаси билан қатнашди.

«Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ бош директори Ғуломжон Ибрагимов куни кеча бўлиб ўтган Ёшлар куни билан «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда тармоқ корхоналарида фаолият олиб бораётган барча ёшларни самимий қутлади. Давлатимиз рамзи – гербимизга бўлган чексиз ҳурматини билдириб ўтди.

Маънавий-маърифий тадбирда «Гербимизни қанчалик биламиз?» викторинаси ҳам ўтказилди. Унда берилган қизиқарли саволларга «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ, «Аммофос-Максам» АЖ ва марказий студиядан иштирок этган аппарат ходимлари фаоллик билан жавоб қайтаришди. Шу билан бирга, давлатимиз гербига алоҳида ҳурмат кўрсатиб, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига жойлаган ходимлар рўйхати ўқиб эшиттирилди.

«Навоийазот» АЖда Давлат гербига бағишланган расмлар танлови ўтказилганлиги барчанинг эътиборини тортди. Қолаверса, чизилган расмлар монитор орқали тадбир иштирокчиларига намойиш этилди.

Тадбир якунида «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари ходимлари томонидан гербимизни мадҳ этувчи, ватанпарварлик руҳидаги шеърлар ва қўшиқлар ижро этилди.

Кумуш Абдусаломова