“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖда “Кўкаламзорлаштириш ойлиги”нинг илк тадбири ташкил этилди

// 02 mart 2020 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (119.22 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизимидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳасини юқори савияда ўтказиш мақсадида жорий йилнинг март ойи “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида “Кўкаламзорлаштириш ойлиги” деб эълон қилинди.

Лойиҳа доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги тармоқ корхона ва ташкилотлар томонидан дарахт ва манзарали кўчатлар экиш белгиланган. Кўчат экиш тадбирларидан бири жорий йилнинг 1 март куни Тошкент вилоятнинг Ангрен шаҳрида жойлашган “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖда ўтказилди.

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари Е.Коржиков, корхоналар тизимида фаолият юритаётган ёшлар, масъул ходимлар ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этди.

“Биринчи резинотехника” МЧЖ томонидан 1000 дона дарахт ва 300 дона манзарали кўчатлар экилди.

Кўламзорлаштириш тадбири байрам дастурига уланиб кетди. Корхона меҳнат қилаётган барча ходимлар бир дастурхон атрофида жам бўлишди. Ўз меҳнатлари натижасида бунёд бўлган боғ, кейинги баҳор айёмларида ўз махсулини бериб, ишчи-ходимларнинг севимли дам олиш масканига айланади. 

“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан атроф-муҳит ҳимоячиси бўлган яшил ҳудудларни янада кенгайтиришга қаратилган март ойи давомида ўтказиладиган “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳаси доирасида ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан 60 мингдан ортиқ дарахтлар ва 80 мингдан ортиқ манзарали кўчатлар ҳамда гуллар экилиши режалаштирилган.

Лойиҳа “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги 16 та йирик ва ўрта кимёвий корхоналари томонидан март ойи давомида ўтказилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати