Брифинг: “Ўзкимёсаноат” АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналарда Давлат харидлари доирасида тузилган 2518 та шартноманинг барчасига коррупцияга қарши курашиш талаблари киритилди

// 09 oktabr 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (55.3 KB)

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида 2025 йил 9 ойи давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтамиз. 

2025 йилнинг 9 ойи давомида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда тармоқ корхоналарининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорати бўлинмалари томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар амалдаги қонунчилик ва ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ташкил этилди.

Ҳисобот даврида комплаенс назорати ҳамда коррупцияни олдини олишга қаратилган тадбирлар “Ўзкимёсаноат” АЖнинг ижро аппарати, шунингдек “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Аммофос-Максам” АЖ, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖ ва “Ўзкимёимпекс” МЧЖда амалга оширилди.

Шу даврда “Ўзкимёсаноат” АЖ ва унга қарашли корхоналарга ишга қабул қилинган 260 нафар янги ходим манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида текширувдан ўтказилди.

Бундан ташқари, 97 нафар раҳбар ходим ва коррупцияга қарши ички тузилмалар мутахассисларининг малакаси оширилди. Жумладан:

67 нафар раҳбар ходим ISO 31000:2018 — “Хавфларни бошқариш” халқаро стандарти бўйича ўқув курсларини тамомлади;

30 нафар коррупцияга қарши ички тузилма ходими “Коррупцияга қарши виртуал академия” портали орқали “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг самарали ишлашини таъминлаш” мавзусидаги чуқурлаштирилган курсларда ўз малакаларини оширдилар.

Корхоналарда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан 18 дан ортиқ семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларда 820 нафардан зиёд ходимларга коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари бўйича назарий билимлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар “E-Antikor.uz” электрон платформасига 5 та йўналиш ва 29 та махсус индикатор бўйича юкланди.

2025 йил июль ва август ойларида “Maxam-Chirchiq” АЖ ҳамда “Oʻzkimyoimpeks” МЧЖ халқаро “CERT International” академияси томонидан ўтказилган аудитдан муваффақиятли ўтиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги нуфузли ISO 37001:2016 халқаро сертификатига қайта муносиб деб топилди.

Давлат харидлари доирасида ҳисобот даврида 2 518 та хўжалик шартномаси тузилиб, барчасига коррупцияга қарши курашиш талаблари киритилди.

Ўтган даврда “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарининг ишонч алоқа каналлари орқали жисмоний ва юридик шахслардан 380 та мурожаат келиб тушди, шундан 12 таси коррупцияга оид бўлиб, барчаси бўйича хизмат текширувлари ўтказилди. Унинг натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

Тизимда ўтказилган 56 та режали текширув натижасида 25 та ҳолат юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Айни пайтда 20 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, 5 та ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

2025 йил 9 ойи мобайнида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар соҳага дахлдор фаолиятда очиқлик, масъулият ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати