Барқарор ривожланиш ва экологик муҳофаза

// 16 aprel 2026 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (695.34 KB)

“Навоийазот” АЖ мутасаддилари  ва маъсул ходимлари «Ernst & Young Advisory» консалтинг компанияси вакиллари билан учрашдилар. Мулоқот давомида спикерларнинг иқлим стратегиясини ишлаб чиқишнинг умумий ёндашувлари ва мақсадлари, иқлим хавфлари таъсирчанлигини таҳлил қилиш ҳамда уларнинг молиявий таъсирини баҳолашга қаратилган тақдимоти билан танишилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган иқлим стратегиясида белгиланган вазифалар муҳокама этилди. 

Учрашув давомида томонлар жамиятнинг мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларини таҳлил қилиш, чиқиндиларни камайтириш орқали табиатни асраш бўйича устувор йўналишларни аниқлаш ҳамда халқаро амалиётга асосланган энг мақбул ечимларни жорий этиш масалалари хусусида сўз юритдилар.

Ушбу ташаббус нафақат ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириш, балки корхонанинг халқаро экологик стандартларга мослигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Музокаралар чоғида таъкидланганидек, бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижасида «Навоийазот» АЖнинг инвестицион жозибадорлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлиги ортади ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим қадам бўлади.

Иқлим стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш ҳудуддаги экологик муҳитга ижобий таъсир этиш баробарида, корхонанинг тараққиёти учун долзарб аҳамиятга эга.