“Ўзкимёсаноат” АЖда коррупцияга қарши курашиш борасида жорий йилнинг I-чораги давомида олиб борилган ишлар сарҳисоб қилинди

// 06 may 2022 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1.22 MB)

Жорий йилнинг 6 май куни “Ўзкимёсаноат” АЖ Комплаенс хизмати бошлиғи Ш. Сағдуллаевнинг 2022 йил I-чорак давомида ушбу соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди. Унда қуйидаги маълумотлар тақдим этилди:

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Деҳқонобод калий заводи” “Максам-Чирчиқ”, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖлари, “Қўнғирот сода заводи“, “Биринчи резинотехника заводи” ва “Ўзкимёимпэкс” МЧЖларида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга доир 10 дан ортиқ ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ички буйруқлар билан тасдиқланган ҳамда ходимларни таништириш ишлари якунига етказилиб, ҳозирда амалиётга татбиқ этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳисобот даврида “Ўзкимёсаноат” АЖда коррупцияга қарши талаблар ва ахлоқий меъёрларга ва қонун ҳужжатларига қатъий амал қилишга доир бевосита жамият бошқаруви раиси томонидан битта тадбир ўтказилган ва унда тизим корхоналарида мазкур соҳадаги камчиликлар қайд этилиб, тегишли топшириқлар берилган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” талабларига мувофиқ тўлдирилган декларациялар таҳлил қилинганда, 18 та масъул ходимларда манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги аниқланган. Жумладан, “Maxam-Chirchiq” АЖда 7 та, “Навоийазот” АЖда 5 та, “Фарғоназот” АЖда 4 та, “Деҳқонобод Калий Заводи” АЖда 1 та ҳолатда ўзаро яқин қариндошлар бевосита қўл остида ёки раҳбарлигида ишлаши натижасида вужудга келган манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланган бўлиб, мазкур ҳолатлар юзасидан жамиятлар бошқарув раисларининг кўрсатмасига асосан манфаатлар тўқнашувини олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, меҳнат муносабатларида қонун бузилиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида жорий йилда жами 18 та хизмат суриштируви ўтказилган бўлиб, натижалари бўйича тегишли хулосалар тайёрланиб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган. Жумладан, 6 нафар масъул ходимларга ҳайфсан, 4 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарима, 8 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 7 ҳолат бўйича қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ тартибот органларига юборилган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналари томонидан жами 2885 та шартномалар тузилган. Мазкур тузилаётган шартномаларни ташаббускор томонидан контрагентларни ўрганиш орқали унинг ишончлилиги, молиявий барқарорлиги, давлат амалдорлари билан алоқадорлиги, манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини текшириш орқали бўлиши мумкин бўлган хавфларни камайтириш ишлари 819 та шартномаларда амалга оширилган.

Ҳиосбот даврида тизим корхоналарида жами 1,6 млрд. сўмлик товар моддий бойликлари камомади аниқланган бўлиб, ҳолатлар бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилган тушунтириш ишлари ва тадбирлар натижасида қуйидаги коррупцион хавф-хатарлар олди олинди ва тегишли таъсир чоралари кўрилиши таъминланди. Жумладан, “Деҳқонобод Калий заводи” АЖда 0,5 Га ерни вақтинча фойдаланишга беришда манфаатлар тўқнашуви олдини олиш билан бирга “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид бўлган битим тузишнинг олди олинди.

Тизим корхоналарида жами 584,3 млн. сўмлик  товар моддий бойликлари талон тарож қилиниши олди олинди ва айбдор шахсларга ички тартиб қоидалар асосида интизомий чоралар кўрилди.

Ҳисобот даврида “Максам Чирчиқ” АЖ ва “Ўзкимёимпэкс” МЧЖда харидларни очиқ ва шаффофлигини таъминлаши натижасида жами 974,0 млн. сўм маблағларни иқтисод қилинишига эришилган.

Жорий йилда жамият ва тизим корхоналари ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида комплаенс хизмати ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида жами 70 та тушунтириш-профилактик тадбирлари амалга оширилган.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2022 йил I-чораги давомида оммавий ахборот воситалари ва расмий веб-сайтлари орқали соҳага оид жами 62 та материаллар жойлаштирилган.

Бундан ташқари, Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жорий йилнинг 14 февраль куни ўтказилган брифингда «Ўзкимёсаноат» AЖ Матбуот хизмати томонидан жамият ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилган бўлиб, бу тадбирлар 10 дан ортиқ интернет нашрлари, “Uzreport” ҳамда “Ўзбекистон-24” телеканалларида ёритилган

Жамият ва тармоқ корхоналарида ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларини жорий этиш мақсадида “CERT Academy Group” халқаро тренинг компанияси мутахассисларини жалб этган ҳолда 24 та ходим иштирокида ўқув курслари ташкил этилган.

Ўзкимёсаноат”АЖ ва унинг тармоқ корхоналарида аниқланган коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун “Антикоррупцион назорат” номли @uzkimyosanoatanticorbot “Телеграм-бот” канали ишга туширилган.

Тадбир давомида жамиятда коррупцияга қарши муросасиз курашиш борасидаги ишларни мунтазам ва тизимли давом эттириш юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берилди. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш, шунингдек, ушбу иллатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида Комплаенс хизмати томонидан мазкур соҳада устувор йўналишлар, аниқ мақсадлар ва вазифалар белгилаб олинди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати