Канадалик олимлар гуруҳи янги экологик тоза материал — денгиз сувўтларига асосланган пластикни тақдим этди. Ушбу ишланма атроф-муҳитни анъанавий пластик чиқиндиларидан ҳимоя қилиш ва айниқса қишлоқ хўжалигида анъанавий полиетиленга алтернатива бўлиши мақсадида яратилган.
Лойиҳа ташаббускори — Британия Колумбиясидан биолог Ранах Чавоши бўлиб, у ушбу материал устида пандемия даврида, қуруқликдаги тадқиқотлар тўхтаб қолган пайтда иш бошлаган.
Пластикнинг асосини тез ўсувчи, ўғит талаб қилмайдиган ва углерод газини сўриб олиш қобилиятига эга бўлган қаҳваранг сувўтлар ташкил қилади. Улар шунингдек, соҳил ҳудудларида сув сифати яхшиланишига ҳам ёрдам беради.
Яратилган материал эгилувчан ва мустаҳкам бўлиб, тўлиқ парчаланади ва микропластик қолдирмайди. Яқин келажакда жамоа бу пластикни одатий пластик мулчани алмаштирувчи восита сифатида қишлоқ хўжалиги фермаларида синовдан ўтказишни режалаштирган. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, бу усул тупроқ ифлосланишини камайтиради ва ҳосил саломатлигини яхшилаши мумкин.Чавоши ва унинг ҳамкори Стейси Голдберг томонидан асос солинган PhyCo стартапи мазкур йўналишдаги тадқиқотлар ва ферментлар ёрдамида биопарчаланишни тезлаштириш технологияларини ривожлантириш билан шуғулланмоқда.
Гарчи янги материалнинг ҳозирги нархи анъанавий пластикникидан баландроқ бўлса-да, тадқиқотчилар ишлаб чиқариш миқёси оширилганда унинг нархи пасайишига умид қилмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати