Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир

// 04 dekabr 2014 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (82.66 KB)

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси 

Қадрли дўстлар! 

Муҳтарам юртдошлар! 

Шу кунларда Ватанимиз учун мустақил, эркин ҳаёт кечириш, уни тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтариш йўлининг асосий принцип ва қоидаларини муҳрлаб берган Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилганимизнинг 22 йиллигини байрамона нишонламоқдамиз. 

Тарихимизда чуқур из қолдирган ана шу буюк сана билан сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклаш, барча-барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиромимни изҳор этиш мен учун катта бахтдир. 

Конституциямизда белгилаб берилган асосий мақсадларимиз барчамизга яхши маълум. Яъни, Бош қомусимиз бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб берди. 

Собиқ Иттифоқ, СССР деган империя пароканда бўлиб, тарқалиб кетганидан сўнг, ўта таҳликали бир замонда биз “шок терапияси” каби моделларнинг номақбул шаклларидан бутунлай воз кечганимиз – шуни таъкидлашимиз зарур – ўта муҳим ва ҳал қилувчи қадам бўлди. 

Ўзбекистонимизга мос тарихий, миллий, анъанавий ва иқтисодий вазият ва хусусиятларни инобатга олмасдан туриб, “бозор иқтисодиётининг шиддатли гирдобига ўзингни ташласанг, унинг ўзи кўзланган манзилга олиб чиқади” деган хомхаёллардан бутунлай воз кечдик. Ва бугунги кунда бутун дунёда тан олинган, “ўзбек модели” деб ном олган жамиятимизни тубдан ислоҳ этиш, эркинлаштириш, демократик янги давлат қуриш, уни модернизация қилиш бўйича пухта ўйланган тараққиёт йўлимизни танлаб олдик. 

Тақдиримиз ҳал бўлаётган ўша оғир пайтда қанча сохта доҳийлар майдонга чиққани, қандай кескин тортишувлар бўлгани, тазйиқ ва зўравонлик ишлатилгани, ёш давлатимиз кемасини ағдаришга турли уринишлар содир этилгани сизларга яхши маълум, деб ўйлайман. 

Лекин бундай уринишлар, ҳаракат ва хуружларнинг пучга чиққанини, биз танлаган тараққиёт стратегиясининг нақадар тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи яна ва яна бир бор тасдиқлаб бермоқда. 

Шу фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизлар, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимиз айнан ўзимизга хос, ўзимизга мос бўлган, “ўзбек модели” деб эътироф этилган ривожланиш йўлимизни кенг қўллаб-қувватлагани учун яна бир бор ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдириш, сизларнинг олдингизда, эл-юртимиз олдида таъзим қилишни ўзим учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан. 

Биз танлаган ва машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт моделининг нақадар ҳаққоний ва самарали экани биз қураётган янги демократик тизимда, иқтисодиётимиз ривожланишининг барқарор, барчани ҳайратда қолдираётган суръатларида, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда. 

Ўтган даврда биз дуч келган оғир синов ва муаммоларга қарамасдан, мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 баробар, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсганини, мамлакатимиз аҳолиси бу даврда 1,5 марта кўпайиб, 2015 йилнинг 1 январида 31 миллион 500 минг кишини ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, бундай улкан натижаларга эришганимизни, очиғини айтганда, баъзан тасаввур қилишнинг ўзи ҳам қийин. 

Бугунги кунда мамлакатимизнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 15 фоиздан ошмаслиги, ички қарзимиз умуман йўқлиги, экспорт ҳажми, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан ошиб бораётганида ҳам эришган улкан натижаларимиз исботини кўриш, кузатиш қийин эмас. 

Жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз ҳали-бери давом этаётганига қарамасдан, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда. Янги – 2015 йилда ҳам ана шундай юксак ўсиш суръатлари кўзда тутилмоқда. 

Қадрли ватандошларим! 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришлар, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора чирой очиб, аҳолимизнинг фаровонлиги юксалиб бораётгани ҳақида гапирганда, бундай янгиланишларнинг ғоят муҳим манбалари – аввало, одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва кайфияти тубдан ўзгариб, уларнинг ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси, эртанги кунга муносабати ва ишончи тобора мустаҳкамланиб, сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданияти ўсиб бораётгани ҳақида алоҳида тўхталишни ўринли деб биламан. 

Шулар ҳақида сўз юритар эканмиз, биз бундан 17 йил олдин қабул қилган, қўлга киритаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг омили ва замини бўлган, ҳаммамизни, аввало, болаларимизнинг онгу тафаккурини, ҳаётга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва истиқболли мактаб дастури ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишимиз зарур, деб ўйлайман. 

Эски тизимнинг қолип ва ақидаларидан холи бўлган, мустақил фикрлайдиган ва ҳаётга қарайдиган, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир куч сифатида майдонга чиқаётган бугунги ёш авлодимиз айни шу дастурларнинг, биз амалга ошираётган тарбиявий ишларимизнинг маҳсули, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди. 

Азиз юртдошлар, эсингизда бўлса керак, бу дастурни қабул қилаётган пайтда биз вақти-соати келиб у албатта ижобий маънодаги “портлаш эффекти”га сабаб бўлади, деб ишонч билдирган эдик. Минг шукрки, ҳақиқатан ҳам, ҳаётимизни бутунлай ўзгартирган мана шундай дастуримизнинг, унда мужассам бўлган эзгу мақсадларимизнинг рўёбга чиққанини кўриш бизга насиб этди ва бу барчамизга катта ғурур ва хурсандчилик бағишлаб, кўнглимизни тоғдек кўтаради, эртанги кунга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди. 

Муҳтарам дўстлар! 

Жаҳон тарихи барчамизга бир ҳақиқатни доимо эслатиб туради – ҳаётимиз тараққиёти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, худди шу каби жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш ва янгилаш бир муддатлик иш эмас, балки мунтазам давом этадиган узлуксиз жараёндир. 

Айниқса, бугун биз XXI асрда – интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган глобаллашув ва интернет асрида яшаётганимизни ҳисобга оладиган бўлсак, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси ва кескинлиги тобора ортиб бораётгани бу ҳақиқатни яна тасдиқлаб бермоқда. 

Бундан қандай хулоса чиқариш керак? 

Жавоб битта: бундай шароитда фақат эришган ютуқлари билан чекланиб қолмасдан, жадал ўзгариб бораётган давр билан ҳамнафас бўлиб қадам ташлайдиган мамлакатгина ўз эзгу мақсадларига эришиши мумкин. 

Ҳаётнинг ана шундай қатъий талабини қайд этган ҳолда, биз танлаган мақсад, яъни тараққий топган давлатлар қаторига кириш, халқимиз ва келажак авлодимиз учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш, халқаро ҳамжамиятда юксак обрў-эътиборга сазовор бўлиш йўлида биз амалга оширган ишларимиз эзгу ниятларимизга эришишнинг фақатгина бир қисми эканини англаб олишимиз даркор. 

Шунинг учун ҳам қўлга киритилган ютуқлар билан чегараланмасдан, хотиржамлик ва ҳаволаниш кайфиятига берилмаслигимиз, аксинча, янги марралар сари интилишимиз, доимо изланиб яшашимиз, тараққиёт ва янгиланиш йўлидан изчиллик билан янада илгарилаб боришимиз зарур. 

Ана шу фикр ва хулосалардан келиб чиққан ҳолда, 2010 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма йиғилишида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини, бошқача қилиб айтганда, ўзимизнинг узоқ ва давомли муддатга мўлжалланган стратегиямизни қабул қилдик, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Ўтган давр мобайнида Концепцияда белгилаб берилган 27 та қонун, ўнлаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётимизга татбиқ этилмоқда. 

Шулар қаторида, аввало, ҳар қандай демократиянинг асосий шарти бўлмиш ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципи асосида туб демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш бўйича ўзининг кўлами ва маъно-мазмунига кўра улкан ишлар амалга оширилди. Натижада Конституциямизга давлат ҳокимиятининг асосий субъектлари – мамлакат Президенти, парламенти, ҳукумати ва суд ҳокимияти ўртасида ваколатлар тақсимотини оптималлаштиришни таъминлашга қаратилган тузатиш ва ўзгартиришлар киритилди. 

Ушбу тузатишлар ва улар асосида қабул қилинган қонунлар давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирди, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг имкониятларини кенгайтирди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил этишнинг принцип ва тартиби ўзгартирилди, ҳукуматнинг ваколатлари янада кенгайтирилди, унинг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг Халқ депутатлари кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди. 

Конституциявий қонунчиликка Бош вазир лавозимига номзодни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан таклиф этилиши каби муҳим институтлар киритилди. 

Конституцияда парламентнинг ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш ҳуқуқи, барча ҳокимият тармоқларининг ҳуқуқлари тенглиги ва мутаносиблигини таъминлашга қаратилган бошқа кўплаб қоидаларга аниқлик киритилди. 

Бош қомусимизда парламент ва жамоатчилик назорати институти, уни амалга ошириш механизмларининг мустаҳкамлангани ҳам ҳокимиятни демократик модернизация қилишда улкан аҳамият касб этди. 

Сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланмоқда. 

Дастлабки тергов ва суриштирув жараёнида фуқароларнинг процессуал ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назоратини кучайтиришга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Судда жиноий ишларни кўриб чиқишда қонунийлик, адолатни таъминлашнинг ушбу самарали механизмини изчил ривожлантирган ҳолда, “Хабеас корпус” институтини қўллаш доираси кенгайтирилди. 

Илгари бу институт фақат қамоқда сақлаш каби процессуал мажбурлов чораларига нисбатан қўлланганини эслатиб ўтмоқчиман. Эндиликда шахсни лавозимдан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштириш ҳам фақат судьянинг санкцияси асосида амалга оширилиши мумкин. 

Умумий юрисдикция судларининг таркибий тузилмаси ва фаолиятининг ташкилий асосларини такомиллаштириш, уларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, суд ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир чора-тадбирлар ҳам муҳим аҳамият касб этди. Ишларни кўриб чиқиш сифатини ошириш ва муддатларини қисқартириш мақсадида фуқаролик судлари сони кўпайтирилди, судья лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблар кучайтирилди. 

Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган демократик ўзгаришлар фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини мустаҳкамлашга, мамлакатни демократлаштириш жараёнларида уларнинг ролини оширишга хизмат қилмоқда. 

Кенг миқёсда ўтказилган ҳуқуқий тажриба якунлари асосида жорий 2014 йилда қабул қилинган, халқаро экспертлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотган ва юксак баҳоланган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун, ҳеч шубҳасиз, қабул қилинаётган қарорлар сифати учун ҳокимият ва бошқарув органлари масъулиятини оширганини таъкидлашни истардим. 

Юртимизда оммавий ахборот воситалари сони жадал ўсиб бормоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 1991 йилга нисбатан 3,5 баробар, жумладан, газеталар 2,5 марта, журналлар эса 3,5 карра кўпайди. 

Сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида ҳам чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилди. 

Асосий қонунимизнинг 117-моддасига киритилган сўнгги тузатишларга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясини демократик асосда шакллантириш тизими ва шунингдек, унинг асосий фаолият принциплари конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди, ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайловларни ташкил этиш учун масъул бўлган сайлов органларининг бутун тизими мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди. 

Ишончим комил, сайлов қонунчилигига киритилган, сайлаш эркинлиги ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш борасидаги конституциявий тамойилни амалга оширишга қаратилган ана шундай ва бошқа қатор ўзгартиш ва қўшимчалар шу йил 21 декабрь куни Олий Мажлисга ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган депутатлар сайловини Конституциямиз ва сайлов қонунчилиги ва ўз-ўзидан равшанки, халқаро демократик қонунчилик талабларига тўла мос тарзда ўтказиш имконини беради. Бунга ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак. 

Сўнгги йилларда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини тубдан соддалаштиришни таъминлади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирди. 

Фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг сиёсий онги ва тафаккурини юксалтириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, ишга жойлаштириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳаларда уларнинг роли янада ошди. 

Бугунги кунда мамлакатимизда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида 8 минг 100 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Бу 2010 йилга нисбатан 1,6 марта кўпдир. 

Иқтисодиётни демократлаштириш ва эркинлаштириш соҳасига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Рақобат тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун зарур рухсат бериш тартиб-таомилларининг рўйхати ва турлари изчил қисқартирилди. 

Кейинги йилларда рухсат беришга оид тартиб-таомилларнинг 160 дан ортиғи ёки 44 фоизи, лицензиялаш талаб қилинадиган фаолиятнинг 19 тури ёки 25 фоизи бекор қилинганини айтишнинг ўзи кифоя, деб ўйлайман. Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган статистика, солиқ ва молиявий ҳисоботларнинг шакли ва даврийлиги 1,5-2 марта камайтирилди. 

Тадбиркорликнинг миллий анъана ва урф-одатларимизга тўла мос келадиган янги шакли – оилавий бизнесни ривожлантириш учун кенг шарт-шароитлар яратилди. 

Ҳурматли мажлис қатнашчилари! 

Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни холисона баҳолар эканмиз, кескинлик ва хавф-хатарларнинг тобора ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган курашнинг кучайиб бораётгани, радикализм, терроризм ва экстремизм каби таҳдидлар бизни ташвишга солмасдан қўймайди, албатта. 

Глобал маконда молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётгани, товар бозорларида талабнинг кескин камайиб бораётгани ва конъюнктуранинг беқарорлиги кўпгина давлатларда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишига, инвестиция фаоллигининг сусайиши ва четга капитал чиқиб кетишининг кучайишига олиб келмоқда. 

Мана шундай кескинлашув ва жаҳон бозоридаги ноаниқ вазият кейинги йилларда ҳам давом этиши мумкин. Ўз-ўзидан аёнки, кутилаётган барча салбий ҳолатларнинг олдини олиш, уларни бартараф қилиш учун барчамиздан ҳушёрлик, сезгирлик, сафарбарлик ва режаларимизга, аввало,Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб қилинади.

Бугунги кунда яқин ва узоқ атрофимизда, бутун жаҳон миқёсида сиёсий, иқтисодий вазият тобора кескинлашиб бораётганини инобатга олган ҳолда, энг муҳим устувор вазифаларимиз қаторидаиқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни узлуксиз техник ва технологик янгилаб бориш, замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этишни асосий мақсадимиз сифатида кўришимиз керак. 

Албатта, Ўзбекистонда мустақил тараққиётимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб ишлаб чиқаришни таркибий янгилаш, уни замонавий ва юқори технологиялар асосида жадал ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратилганини қайд этиш ўринлидир. 

Биз учун мутлақо янги бўлган тармоқлар ва юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари бутунлай янгитдан ташкил этилди. Ҳозирги кунда бу корхоналарнинг тайёр маҳсулотлари жаҳон бозорида муносиб ўрин эгалламоқда. 

Бу борада гап автомобилсозлик саноати, жумладан, енгил автомобиллар, юк ва махсус машиналар, двигателлар ва асосий бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ҳақида, шунингдек, янги моделдаги хорижий техникаларни ўзлаштириш негизида замонавий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, нефть-кимё ва нефть-газ саноатини ривожлантириш, темир йўл вагонлари, маиший электроника, фармацевтика ва микробиология тармоқлари ҳақида бормоқда. 

Айнан туб таркибий ўзгаришлар, юқори технологияларга асосланган янги ва замонавий корхоналарни барпо этиш, фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини кенг миқёсда янгилаш ва модернизация қилиш борасида пухта ўйланган стратегия туфайли мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 1991 йилдаги 14 фоиздан бугунги кунда қарийб 25 фоизга ўсди. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг улуши 34 фоиздан 17 фоизга камайди. 

Ҳеч шубҳасиз, биз бу ишларни асло сусайтирмаслигимиз, инвестиция сиёсати ва дастурларимизни ҳам ана шу мақсадларга мос ҳолда амалга оширишимиз даркор. 

Ишлаб чиқараётган маҳсулотлари бугун халқаро бозорда, эртага эса ички бозорда ҳеч қандай қизиқиш уйғотмайдиган эски ишлаб чиқариш қувватларидан воз кечиш, иқтисодий тараққиётимизнинг локомотивлари бўлган замонавий корхоналар ва юқори технологияларга асосланган комплексларни барпо этиш билан бирга, етакчи тармоқ ва зарур инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича чуқур ва пухта ўйланган дастурларни изчил амалга ошириш керак. 

Бизнинг жаҳон экспорт бозорида мустаҳкам ўрин олишимиз учун, мамлакатимизда молиявий ва иқтисодий барқарорликни, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини таъминлаш учун ишончли замин яратиб берадиган, бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган энг зарур сиёсат ана шундан иборат. 

Бир сўз билан айтганда – сифати паст, нархи баланд маҳсулотга йўл қўймаслик керак. 

Бизнинг эътиборимиз марказида туриши керак бўлган энг муҳим масалалардан яна бири – бу Конституциямизга мувофиқ кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳалари бўлмиш хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш йўлидан барча ғов ва тўсиқларни йўқ қилиш, уларнинг эркинлигини таъминлашдир.

Ҳозирги вақтда айни мана шундай ўта долзарб масаланинг кун тартибига кескин қўйилиши, ҳеч шубҳасиз, шу залда ўтирган мулкдорлар, кичик бизнес эгалари ва хусусий тадбиркорлар, умуман, бутун халқимизнинг руҳини кўтаришга, эртанги кунга янада катта ишонч билан қарашига асос беради, десам, сизлар бунга қандай қарайсиз? 

Ўтган йиллар давомида хусусий мулк ва инвестициялар дахлсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган ишончли меъёрий-ҳуқуқий асослар яратиш, хусусий мулкдорлар учун зарур шароит ва кафолатлар туғдириб бериш бўйича кўп ишлар қилинди. 

Шу йиллар мобайнида иқтисодиётимизнинг турли тармоқларидаги давлат мулки ҳисобланган – шунга эътибор беринг – 31 мингдан зиёд корхона хусусий мулкдорлар ва акциядорлар ихтиёрига берилди. 

Қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат турларининг барчаси ва бошқа кўплаб тармоқлар деярли тўлиқ хусусий мулк соҳасига ўтказилди. 

Халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқараётган тўқимачилик, трикотаж, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, мебель саноати, уй-жой секторида давлат мулкининг улуши кескин камайди. 

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг айнан ана шундай соҳа ва тармоқларида ўсиш суръатлари ва меҳнат унумдорлиги бошқа тармоқларга қараганда барқарор равишда юқори бўлиб келмоқда. 

Хусусий секторнинг улуши ахборот-коммуникация технологиялари ва хизматлари, мобиль алоқа тармоқлари, қурилиш ишлари ва бошқа соҳаларда ҳам юқоридир. Бу эса, ўз навбатида, кўп нарсадан далолат беради. 

Шундан яна бир хулоса чиқиши даркор. Яъни, биз иқтисодиётимизда давлатнинг улуши ва ўрни қандай бўлишини танқидий кўз билан баҳолаб, уни стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартиришимиз лозим. 

Бу борада маъмурий-буйруқбозлик тизимининг ҳамон сақланиб қолаётган ҳар қандай шаклларидан воз кечиб, давлат органлари, бизнес ва хусусий сектор ўртасидаги вазифаларни аниқ белгилаб қўйишимиз, савдо операцияларини асосан биржа орқали амалга ошириш тизимига ўтишимиз зарур. 

Корпоратив ёки акциядорлик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини танқидий баҳолаш ҳам ғоят жиддий эътиборни талаб қилмоқда. Ривожланган давлатларда, айниқса, саноат ишлаб чиқариш соҳасида, мулкчиликнинг ана шу шакли асосий ўрин эгаллайди. 

Бу борадаги амалий тажрибамиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда маҳаллий акциядорлар билан бирга чет эллик инвесторларнинг ҳам акцияларга эга бўлаётгани мулкчиликнинг энг мақбул ва ўзини оқлаётган шаклидир.

Ҳозирги вақтда юртимизда 90 дан ортиқ мамлакатнинг хорижий капитали иштирокида ташкил этилган 4 мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. 

Бундай самарали лойиҳалар ҳақида гапирганда, машинасозлик соҳасида АҚШнинг “Женерал моторс”, Германиянинг “МАН”, “Клаас”, Япониянинг “Исузу” компаниялари, нефть-газ соҳасида Жанубий Кореянинг “Лотте кемикал” ва “Когаз” компаниялари, кимё саноатида Испаниянинг “Максам” компанияси, тўқимачилик саноатида Сингапурнинг “Индорама”, Жанубий Кореянинг “Дэу текстиль”, “Янг вон”, Швейцариянинг “Ритер” компаниялари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида Хитойнинг “Хуавей” ва “ЗТЕ”, озиқ-овқат саноатида Швейцариянинг “Нестле” компанияси, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда Германиянинг “Кнауф”, Хитойнинг “Пенг Шенг”, фармацевтика саноатида Швейцариянинг “Нобель” компаниялари ва шунингдек, бошқа кўплаб хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар ҳақида сўз юритиш мумкин. 

Дунёда ном қозонган бундай компаниялар билан олиб бораётган ҳамкорлигимиз қисқа вақт ичида иқтисодиётимиз тармоқларини тубдан модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва унинг турини кўпайтириш, жаҳон бозорларига рақобатдош янги маҳсулотлар билан чиқиш имконини бермоқда. 

“Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус иқтисодий зоналарини ташкил этиш ҳисобидан чет эллик инвесторлар билан йўлга қўйган ҳамкорлигимиз ўзининг юксак самарасини кўрсатмоқда. 

Энг муҳими, Ўзбекистонда маҳаллий ва чет эллик инвесторлар нафақат маблағ сарфлаб, даромад олмоқда, балки корхоналарни биргаликда бошқармоқда, хорижлик муассислар қўшма корхонага, аввало, илғор технологияларни олиб кирмоқда, ишлаб чиқаришни замонавий асосда ташкил этиш ва бошқаришни жорий қилмоқда. 

Бу борадаги тажриба ҳамкорликнинг айнан мана шу шакли энг кўп самара бераётгани ва энг яхши истиқболга эга эканини кўрсатмоқда. Биз бундай корхоналар фаолиятини имкон қадар кенгайтиришга тайёрмиз.

Юқорида баён қилинган фикрларни умумлаштирган ҳолда, шуни таъкидлаш керакки, иқтисодиёт тармоқларида давлат улушининг мавжудлиги ва самарадорлигини, бошқача айтганда, “иқтисодиётдаги давлат”нинг ролини кенг миқёсда танқидий таҳлил қилиш ва шу асосда хусусий секторнинг иқтисодиёт тармоқларидаги иштирокини сезиларли равишда кенгайтириш бўйича янги чора-тадбирларни белгилаш вақти келди. 

Бундай корхоналардаги давлат улушини хусусий секторга, жумладан, янги инвесторларга, улар томонидан ана шу корхоналар негизида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш мажбуриятини қабул қилиш шарти билан ноль қийматида сотиш мақсадга мувофиқдир. 

Хулоса қилиб айтганда, демократик ва бозор ислоҳотлари йўлидаги изчил ҳаракатларимизнинг мантиқи биздан доимо илгарилаб боришни талаб этаётганини таъкидлаш лозим. Бу борада жаҳон бозорида кескин рақобат кучайиб бораётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки бундай вазият Ўзбекистонда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун уларнинг йўлидаги, шуни яна таъкидлаш керак, ҳар қандай қаршиликни олиб ташлашни долзарб вазифа қилиб қўймоқда. 

Бу вазифаларни амалга ошириш, ўз навбатида, биз мамлакатимизда барпо этилаётган фуқаролик жамиятининг ишончли таянчи ва пойдевори деб биладиган ўрта синф – мулкдорлар синфини шакллантириш ва унинг мавқеини мустаҳкамлаш учун янги рағбатлантирувчи омиллар ва истиқболларни яратиб беради, деб айтишга барча асосларимиз бор. 

Ҳурматли юртдошлар! 

Соғлом бола йили деб ном олган жорий 2014 йилимиз ҳам ўз якунига етмоқда. Барчамиз учун, бутун халқимиз учун чуқур амалий маъно-мазмунга эга бўлган мақсадларни, соғлом авлодни тарбиялашдек эзгу ва пок ниятларимизни ўзига қамраб олган ана шу йил муносабати билан қабул қилган умуммиллий Дастуримизнинг бажарилиши бўйича қисқача тўхталиб ўтсак, айни муддао бўлар эди. 

Дастур доирасида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган амалдаги ҳуқуқий-меъёрий базани янада такомиллаштириш бўйича 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини қайд этиш лозим. 

Шулар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида” қабул қилинган қарори моҳият эътибори билан болаларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш ва ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. 

Соғлом бола – аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир, деган ҳаётий ҳикматдан келиб чиққан ҳолда, йил давомида оилада ўзаро ҳурмат муҳитини, унинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Соғлом ва мустаҳкам оилаларни барпо этиш соғлом келажак пойдевори эканини назарда тутиб, турмуш қураётган ёшларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан тўлиқ ўтишларини таъминлаш, шу асосда ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олиш бўйича сезиларли ишлар қилинди. Жумладан, бўлажак келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказадиган поликлиникалар замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Энг муҳими, янги оила қураётган 2 мингдан ортиқ ёшларда турли касалликлар аниқланиб, улар амбулатор ва стационар шароитда даволанди. 

“Соғлом она – соғлом бола” лойиҳаси доирасида жами 13 миллион 600 мингдан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бунинг натижасида 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилгани бу йўлдаги катта қадам бўлди. 

Муҳим амалий масалалардан бири – аёлларимизни тадбиркорлик соҳасига жалб этиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида камида 50 фоиз ишчи-хизматчилари хотин-қизлардан иборат бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан 770 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. 

Аҳолимиз, аввало муҳтарам опа-сингилларимизнинг талабига мувофиқ, юртимизда, шу жумладан, чекка қишлоқларда "Гўзаллик салон"лари, таъмирлаш ва тикув цехлари, маиший техникаларни тузатиш шохобчаларидан иборат 150 дан ортиқ хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилгани турмуш маданиятини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилди. 

Бизнинг эътиборимиз марказида турган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари орасидан ўз бизнесини ташкил қилишга интилаётган йигит-қизларга 170 миллиард 700 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратиб берилгани ва улар ўз хусусий ишини очиш имконига эга бўлганининг ўзи, ҳеч шубҳасиз, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ўта муҳим муаммоларни ечишга имкон берди. 

Шу билан бирга, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш, уни қуриш ва реконструкция қилиш, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарларни харид қилиш учун қарийб 215 миллиард сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ва 57 миллиард сўмлик фоизсиз қарз маблағлари ажратилди. Ана шундай тадбирлар қаторида Касаба уюшмалари федерацияси томонидан 1 миллиард 500 минг сўм қийматидаги маиший электр техника воситалари кам таъминланган оилаларга бепул тарқатилганини қайд этиш лозим. 

Азиз дўстлар! 

Соғлом бола йили давомида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида 137 та тиббиёт муассасасида, жумладан, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, Андижон шаҳридаги туғруқ комплекси, Тошкент шаҳридаги болалар санаторийси, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг болалар хирургияси бўлими ва бошқа соғлиқни сақлаш масканларида қарийб 410 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилганини таъкидлаш зарур. 

Шунингдек, хорижий молия институтларининг 28 миллион 500 минг долларлик кредит ва грант маблағлари ҳисобидан туман тиббиёт бирлашмалари, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, онкология муассасалари, вилоят шифохоналари замонавий даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. 

Шу билан бирга, яна бир ўта муҳим масалага эътиборингизни жалб этмоқчи эдим. 

Бугунги кунда юртимиздаги етакчи клиника ва тиббиёт марказларида энг илғор технологиялар ёрдамида ноёб операциялар амалга оширилмоқда. Масалан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган мураккаб операциялар туфайли 100 нафар боланинг эшитиш қобилияти тикланди. Республика ихтисослаштирилган хирургия марказининг кардиохирургия мажмуасида эса сўнгги икки йилда 5 минг 200 нафардан ортиқ бемор жарроҳлик операцияларини бажармасдан туриб даволанди. 

Ўйлайманки, мана шу фурсатдан фойдаланиб, катта билим ва малака талаб этадиган айни шундай ўта нозик операцияларни амалга ошираётган, ноёб истеъдодга эга бўлган, ўзимиздан чиққан моҳир хирургларга, бошқа мутахассисларимизга миннатдорлик билдиришимиз, уларга керак бўлган ёрдамимизни янада кучайтириш, янги имкониятларни очиб бериш учун ҳеч қандай маблағларни аямаслигимиз зарур, десам, барчамизнинг фикримизни билдирган бўлар эдим. 

Фарзандларимиз ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида бу йил миллий эмлаш календарига ротавирус вакцинаси киритилиб, қарийб 300 минг бола ушбу вакцина билан эмланди. 

Мамлакатимизда ногирон болалар туғилишининг олдини олишдек олийжаноб мақсадни амалга оширишда республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган, нуфузи ва самараси тобора ортиб бораётган скрининг марказларининг ролини алоҳида таъкидлашни хоҳлардим. 

Бугунги кунда ана шундай ўта муҳим муаммони ечишда бу марказлар катта ўрин тутмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида ушбу марказлар томонидан 20 мингдан ортиқ нуқсонли бола туғилишининг олди олинганини ҳеч нарса билан ўлчаб-қиёслаб бўлмайди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз. 

Шу йўлда амалга ошираётган ишларимиз, сарфланган маблағ, куч ва имкониятларимиз натижасида қанчадан-қанча гўдакларнинг бенуқсон дунёга келиши, соғлом ва бақувват бўлиб вояга етиши, аввало, шу боланинг ўзи, ота-онаси ва оиласи учун, бутун жамиятимиз учун қандай қувонч ва бахт келтиришини тасаввур қилишнинг ўзи қийин, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Фурсатдан фойдаланиб, соғлом бола, соғлом авлодни камол топтиришдек эзгу ишга ўзини бағишлаган ва шу йўлда фидокорона меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимларига самимий миннатдорлик билдираман. 

Ана шундай юксак мақсадлар йўлида энг илғор, энг замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар, даволаш усулларини юртимизга олиб келиш, бу борада чет давлатлар билан самарали ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган ишларимизни алоҳида таъкидлаш ўринлидир. 

Тошкент шаҳрида тўртинчи, яъни энг юқори даражали кўп тармоқли замонавий болалар шифохонасини қуриш ва жиҳозлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Корея Республикаси Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси ўртасида кредит шартномаси имзолангани бунинг яққол далилидир. Қарийб 103 миллион доллар ҳисобидан барпо этиш кўзда тутилаётган, ҳар жиҳатдан ноёб ушбу тиббий марказни, насиб этса, 2017 йилда ишга туширамиз. 

Қадрли ватандошлар! 

Ўтган давр мобайнида замонавий ахборот-коммуникация тизимидан, Интернетдан кенг фойдаланиш ҳисобидан таълим-тарбия самарасини кучайтириш, болалар, айниқса, қиз болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича кенг кўламдаги ишларимиз давом эттирилди. 

Дунёдаги турли-туман нуфузли беллашувларда Ватанимиз шуҳратини тараннум этиб келаётган ёшларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Мисол учун, бу йил юртимиз ўқувчиларидан 10 нафари хорижий мамлакатларда ўтказилган йирик халқаро мусиқа ва санъат фестивалларида “Гран при” деб аталадиган энг юқори совринни, 60 нафари эса биринчи ўринни қўлга киритгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Спорт соҳасини оладиган бўлсак, футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатининг чорак финалида ғалаба қозониб, қитъамиздаги тўртта давлатдан бири сифатида келгуси йили Янги Зеландияда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани барчамизни албатта қувонтиради. 

Хитой Халқ Республикасининг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги иккинчи Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз 4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза, жами ўнта медалга эришгани ҳам йил давомидаги катта спорт ютуқларимиз қаторига киради. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида эса юртимиз фарзандлари 9 та олтин, 14 та кумуш, 21 та бронза, жами 44 та медалга сазовор бўлиб, юксак шоҳсупага кўтарилди. 

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. 

Бундай ютуқлар замирида, биринчи навбатда, мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга берилаётган доимий эътибор мужассам экани барчамизга яхши аён. 

Дастур доирасида қизларимизни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш мақсадида уларга 6 миллиард сўмлик спорт кийимлари тўплами бепул берилгани ана шундай ғамхўрликнинг яна бир амалий намунасидир. 

Шулар қаторида мактаб ўқувчилари учун 34 миллион 500 минг нусхадаги дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар юртимиздаги таълим олиб бориладиган 7 тилда нашр қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. 

Ҳаммамизга маълумки, мамлакатимизда илк бор мактаб остонасига қадам қўядиган ўғил-қизларимизни дарслик ва бошқа ўқув қуроллари билан бепул таъминлаш яхши анъанага айланган. Жорий йилда ҳам қарийб 587 минг 1-синф ўқувчиси салкам 28 миллиард сўм қийматидаги дарслик ва ўқув анжомлари билан таъминланди