Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 14 март куни Канаданинг Россия ва Евроосиёдаги Ишбилармонлик ассоциацияси (CERBA) бошқаруви раиси Нейтан Хант билан учрашув бўлиб ўтди.
Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов билан мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Канада ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланаётгани таъкидланди. Бугунги кунда мамлакатимизда Канада капитали иштирокидаги қарийб қирқ корхона фаолият юритмоқда.
Мазкур Ишбилармонлик ассоциацияси Канада ва Евроосиё давлатлари ўртасидаги икки томонлама савдо ва инвестицияларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган мустақил нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Канада компанияларига савдо алоқаларини йўлга қўйишда кўмаклашиб, Европа ва Осиё бозорларидаги талаб ва таклифларни ўрганиш, бу борада турли тадбирлар, савдо миссиялари ташкил этиш билан шуғулланади. Маркетинг тадқиқотларини ўтказишга доир хизматларни тақдим этади.
Учрашувда Ўзбекистон билан Канада ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, икки давлат тадбиркорларининг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга оид масалалар муҳокама қилинди. Биргаликда икки томон учун ҳам манфаатли бўлган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
– Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ривожланмоқда, – деди Нейтан Хант. – Мамлакатингизда сармоядорлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамкорликка бўлган қизиқишимизни тобора оширмоқда. Ўзбекистон билан нефть-газ, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш ва бу соҳаларда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Канаданинг Россия ва Евроосиёдаги Ишбилармонлик ассоциацияси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги битим ижросига доир ҳужжат имзоланди.