ЭКСКЛЮЗИВ: Араб шайхи Ўзбекистонга миллиардлаб доллар миқдорида сармоя киритмоқчи

// 14 iyun 2018 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (55.32 KB)

ЭКСКЛЮЗИВ: Араб шайхи Ўзбекистонга миллиардлаб доллар миқдорида сармоя киритмоқчи

 

Дунёдаги энг йирик компаниялардан бири — “Ajlan&Bros Group” юртимизда ўнлаб беш юлдузли меҳмонхоналар қуриб, ипакчилик ва пахта кластерларини амалга оширади. 

 

Шейх Ажлан Бин Абдулазиз, "Ajlan&Bros Group" компанияси раҳбари.

 

–Бизнинг “Ajlan&Bros Group” компаниямиз мавсумий ва кундалик либослар ишлаб чиқаришда ҳамда эркакларга мўлжалланган классик кийимлар тайёрлашда дунёдаги энг йирик корпорациялардан бири ҳисобланади. Айни вақтда ўндан ортиқ мамлакатда ўз ваколатхонамиз бўлиб, уларда тўққиз мингдан зиёд иш ўрни яратилган.

 

Европа ва Осиёнинг кўплаб давлатларида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Шунингдек, дунёнинг 25 мамлакатининг биржа бозорида ўз сармоямизга эгамиз. Шу боис ҳам дунёнинг кўпгина давлатларида бўлганман. Ўзбекистонга эса биринчи марта келишим.

 

Тўғрисини айтсам, мамлакатингиз менга жуда ёқди. Табиати ажойиб, инсонлари ҳам очиқкўнгил, меҳмондўст экан. Келганимга уч кун бўлган бўлса, Самарқанд, Бухоро, Андижон вилоятларида бўлиб, ҳокимлар билан учрашдим. Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий шароитларни ўрганиб, ҳамкорлик қилишга аҳд қилдим.

 

Ана шу ҳамкорлик доирасида камида учта лойиҳани амалга оширишни истайман. Бунинг учун дастлаб, 2 миллиард доллар сармоя киритмоқчиман. Биз пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарганимиз учун, энг аввало,  Бухоро ва Андижонда 70 минг гектардан майдонда пахта етиштириб, тизимда кластер қилмоқчимиз.

 

Хусусан, яқин ойларда 100 миллион доллар миқдоридаги инвестиция киритиб, Бухоро, Андижон, Самарқанд вилоятларида пахта етиштириб, толадан мато, ундан эса тайёр либослар ишлаб чиқарамиз. Бу лойиҳани бажарсак, юртингизда етти мингта иш ўрни яратилади.

 

Ўрганишларим самарасида Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик имконияти мавжудлигини пайқадим. Бухоро, Андижон ва Тошкентда беш юлдузли меҳмонхона қуришни дилимга тугдим. Ҳамкорлар ҳам топилди. Келгусида бу меҳмонхоналар дунёдаги саноқли, машҳур меҳмонхоналар каби ўз брендига эга бўлишига ишонаман.

 

Юртингизда корхоналар учун кўплаб имтиёзлар яратилгани ҳам менга жуда ёқди. Мисол учун, “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига борганимизда соҳа корхоналари 2023 йил 1 январгача ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловларидан озод қилинганини тушунтиришди. Бу бизга маъқул.

 

Ўзбекистонда йилига уч марта пилла етиштирилаётгани, ипак гиламалар тўқилаётгани, тут баргидан чой, пилла ғумбагидан косметик мой олиниши буларнинг ҳаммаси шу қадар ажойибки, тасанно айтасан. Аввал ипакчилик соҳасида ишлаб кўрмаган бўлсак-да, бундай янгиликлардан ҳайратга тушдик. Ипакчилик истиқболли соҳа экан. Ана шундай янгиликларни дунёга тарқатиш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, албатта, ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.

 

Ҳозирда уюшма вакилларига ҳамкорлик лойиҳасини таклиф қилдик. Улар рози. Насиб бўлса, йил охирига битта лойиҳани бўлсада, амалга ошириб, Ўзбекистонда янги корхона тақдимотини ўтказамиз.