“Ўзэкспомарказ”да геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси тармоқ саноат ярмаркаси очилди. Унда 380 дан зиёд корхона ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия тармоқлари мамлакатимизнинг жадал ривожланаётган ишлаб чиқариш соҳалари ҳисобланади. Буни тармоқ ярмаркасига қизиқиш тобора ортиб бораётганида ҳам кузатиш мумкин. 2014 йили мазкур кўргазмада 250 дан зиёд корхона иштирок этган бўлса, ўтган йили 330 дан зиёд бизнес субъекти унда қатнашган. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар самарасида кўргазма стендларида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги экспортбоп маҳсулотлар тури тобора кўпайиб бораётгани эътиборлидир.
Жорий йилги ярмаркада “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбеккўмир”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятлари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Тошкент рангли металл парчалари ва резги-чиқитларни тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи, Ўзбекистон қаттиқ қотишмалар ва ўтга чидамли металлар комбинати ҳамда улар таркибига кирувчи корхоналар, шунингдек, электротехника, мебель, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда.
Ярмарка стендлари орасида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси таркибидаги корхоналар алоҳида ажралиб турибди. Соҳада ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир.
Саноат форумида “Ўзбекнефтгазқазибчиқариш”, “Ўзгеобурғунефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзнефтмаҳсулот”, “Ўзнефтгазмаш”, “Ўзнефтгазқурилишинвест” корхоналари фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан геология-қидирув ишлари, углеводород хомашёсини қазиб олиш, қайта ишлаш ва транспортировка қилиш, нефть-газ объектларини қуриш, машинасозлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан тортиб илмий-тадқиқот ва лойиҳа-қидирув ишлари ва тайёр маҳсулотларни ички ҳамда ташқи бозорда сотишгача бўлган барча турдаги нефть-газ амалиётлари бажарилмоқда.
Ярмаркада “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар имкониятлари кенг намойиш этилмоқда. Бу ерда “Фарғонаазот”, “Навоийазот”, “Аммофос-Максам”, “Максам-Чирчиқ”, “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятлари, Қўнғирот сода заводи, Қўқон суперфосфат заводи сингари 15 га яқин ишлаб чиқарувчи томонидан экспортга мўлжаллаб ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кооперацион алоқаларни янада кенгайтириш асосида ўзлаштириш учун истиқболли бўлган маҳсулотлар билан танишиш мумкин.
«Samarqand NPK» қўшма корхонаси ярмаркада биринчи марта қатнашмоқда. Jiangsu Right Mashinery Group (Хитой) билан ҳамкорликда «Самарқандкимё» акциядорлик жамияти қошида ташкил этилган мазкур корхона йилига 240 минг тонна азот, фосфор ва калий моддаларини турли нисбатда ўзида бирлаштирган NPK ўғитини ишлаб чиқариш қувватига эга.
Компания мутахассисларининг таъкидлашича, жорий йилда тўла қувватда ишга тушадиган мазкур корхона мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ўғитлардан юқори қийматга эга маҳсулотни ишлаб чиқариш ўзлаштирилишига хизмат қилади.
Мамлакатимиз металлургия тармоғининг етакчи корхонаси – «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бу ерда комбинатда ишлаб чиқарилган кўплаб маҳсулотлар билан танишиш мумкин. Уларнинг 12 таси маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳар бир лойиҳа бўйича батафсил маълумот олиш мумкин.
– Тармоқ ярмаркалари ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, тармоқ ичида ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди «Ўзметкомбинат» АЖ бош муҳандис хизмати раҳбари Акмал Шарипов. – Ўтган йилги ярмаркада маҳсулотларни сотиш бўйича 187 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзолаган эдик. Бу йил бу кўрсаткични 200 миллиард сўмдан оширишни режалаштирганмиз.
Ярмаркада «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар томонидан 150 турдан ортиқ маҳсулотлар таклиф этилмоқда. Улар орасида Жиззах цемент заводи, Ангрен труба заводи маҳсулотлари кўпчиликнинг диққатини тортмоқда. Хусусан, 2013 йилда «Ангрен» махсус индустриал зонасида ташкил этилган «Ангрен труба заводи» унитар корхонасида маҳаллий хомашёдан юқори қийматга эга мис трубалар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг 85 фоизини экспортга чиқариш кўзда тутилган.
Жамият маълумотларига кўра, жорий йилда Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ 34 лойиҳанинг амалга оширилиши 23,9 миллион доллар ҳажмдаги маблағни тежаб қолиш имконини беради.
Тармоқ ярмаркасида кичик бизнес субъектлари ҳам фаол иштирок этмоқда. «Жиззах» махсус индустриал зонасида фаолият кўрсатаётган «Ёрқин чироқлар» Ўзбекистон – Корея қўшма корхонаси иқтисодиёт тармоқлари учун мўлжалланган светодиодли лампаларни намойиш этмоқда.
– Корхонамиз 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, 7 ваттли светодиодли лампалар, 100 ваттли кўчаларни ёритиш мосламалари ишлаб чиқармоқда, – дейди корхона раҳбари Хайрулло Отабоев. – Ярмаркада ишлаб чиқаришни кенгайтириш юзасидан янги ҳамкорлар топишни мўлжаллаганмиз.
Тадбирда мамлакатимизнинг йирик саноат корхоналари томонидан кооперация алоқаларини кенгайтириш, маҳаллийлаштириш лойиҳаларида иштирок этиш истиқболларига бағишланган тақдимотлар ўтказилмоқда.
Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.
Беҳзод Бозоров, 08.06.2016, ЎзА