«Maxam-Chirchiq» ва «Ammafos-Maxam» корхоналари атмосферани меъёридан ортиқ ифлослантираётгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

// 14 sentabr 2019 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (55.16 KB)

“Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот хизмати Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш Давлат қўмитаси веб-сайтида “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибига кирувчи корхоналарда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назорати амалга оширилди” сарлавҳали ахборотга муносабат билдирди.

“Махам-Chirchiq” ва “Ammofos-Maksam” акциядорлик жамиятлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш Давлат қўмитаси веб-сайтида ёритилган ахборотда кўтарилган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди”, дейилади унда.

Маълум қилинишича, “Махам-Chirchiq” АЖ томонидан 2018 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари бажарилишига 307,2 млн. сўм ва 76 минг АҚШ доллари сарфланган.

“Атроф-муҳитга таъсирнинг ўрнатилган нормативларига риоя қилинишнинг идоравий назоратини амалга ошириш, саноат ташланмаларда, оқова ва табиий сувларда зарарли кимёвий моддалар таркиби устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, оқова сувлар, чангютгич ва газ тозалаш қурилмалари ишининг самаралигини назорат қилиш учун корхоналарда аккредитацияланган санитар лабораториялари фаолият олиб боради. Назоратни кучайтириш мақсадида корхонанинг санитар ҳимоя зонасида, Чирчиқ шаҳри ва унга ёндош ҳудудларини назорати ҳар икки соат давомида санитар лаборатория вакиллари томонидан олиб борилмоқда.

Ҳаво таркибини узлуксиз назорат қилиш учун ишлаб чиқариш цехлари ҳудудида 11 та газ таҳлил ускуналари жойлаштирилган ҳамда онлайн назорат қилувчи 3 та турғун постлари Чирчиқ шаҳар ва унга ёндашган ҳудудлар атмосфера ҳаво ва зарарли моддалар таркибини аниқлаш учун ўрнатилган. Улардан олинган ахборотлар Гидрометеорология ҳудудий хизматига онлайн тарзда бериб борилади”, дея маълумот берилади муносабатда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, “Maxam-Chirchiq” АЖ томонидан атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини камайтириш мақсадида жорий йил августда карбамид ва аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехларида Дзержинск карбамид илмий тадқиқот институти, Москва давлат азот ишлаб чиқариш лойиҳалаштириш институт (Россия)лари томонидан экологик аудит ўтказилган. Аудит натижалари бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан тозалаш иншоотлари модернизация қилинади, технологик ўзгартиришлар киритилиш ишлари амалга оширилади.

Қайд этилишича, “Ammofos-Maksam” АЖ ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш лойҳасини амалга ошириш таъминланди, абсорбция қилиш мосламалари замонавий, энергия тежайдиган қурилмаларга алмаштирилди ва модернизация қилинди. Ушбу лойиҳани жорий йил сентябрь ойи охиригача амалга ошириш натижасида атмосферага аммиак ташланиши йиллига 36,6 тонна ва фторли водород 3,4 тоннага камайтирилади.

Шунингдек, юқорида айтиб ўтилган ахборотда келтирилган баъзи маълумотларга ойдинлик киритилган.

Жумладан, ахборотда “«MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг периметри бўйлаб водород сульфид миқдори 4,5-7,4 маротаба юқорилиги аниқланди”, деб кўрсатилган, лекин технологик ишлаб чиқариш жараёнида водород сульфиди ишлатилмайди ва атмосферага ташланмайди. Корхонага туташ ҳудудда бошқа ташкилотлар ҳам фаолият юритилишини инобатга олиш лозим. Худди шундай ҳолат “Ammofos-Maxam” АЖ фаолиятини ёритишда ҳам намоён бўлган. Яъни ахборотда “Юқоридаги ўрганишлар «AMMOFOS-MAXAM» АЖда ҳам ўтказилди, ҳаво таркибида олтингугурт моддаси миқдори рухсат этилган меъёрдан 2,6 мартага ортганлиги аниқланди” деб таъкидланган, аслида корхонадаги олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш фаолияти 2017 йил 9 ноябридан тўхтатилган.

Таъкидланишича, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан жамият тизимидаги корхона-ташкилотлар ҳудуди ва уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида ҳудудни кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳа Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда сентябрь охирида амалга оширилади.

Манба: kun.uz