Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 03.12.2014 й., N ЎРҚ-378

 

Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 29 октябрда қабул қилинган. Сенат томонидан 2014 йил 13 ноябрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар (1 - 9-моддалар)

2-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқларининг кафолатлари (10 - 15-моддалар)

3-боб. Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби (16 - 20-моддалар)

4-боб. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат органларининг мажбуриятлари (21 - 24-моддалар)

5-боб. Якунловчи қоидалар (25 - 31-моддалар)

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

2-модда. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

3-модда. Мурожаат этиш ҳуқуқи

4-модда. Мурожаатларнинг шакллари

5-модда. Мурожаатларнинг турлари

6-модда. Мурожаатларга қўйиладиган талаблар

7-модда. Мурожаатлар ва оммавий ахборот воситалари

8-модда. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш

9-модда. Мурожаатлар бўйича иш юритиш

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (бундан буён матнда мурожаатлар деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаатлар соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонунда белгиланган тарзда тартибга солинади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

  • кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;
  • давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

3-модда. Мурожаат этиш ҳуқуқи

Жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.

Мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.

Хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

4-модда. Мурожаатларнинг шакллари

 

Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин.

5-модда. Мурожаатларнинг турлари

Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Ариза - ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат.

Таклиф - давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат.

Шикоят - бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат.

Мурожаатлар, уларнинг тури ва шаклидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.

6-модда. Мурожаатларга қўйиладиган талаблар

Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади.

Мурожаат этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

7-модда. Мурожаатлар ва оммавий ахборот воситалари

Давлат органларига оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

Оммавий ахборот воситаларига йўлланган мурожаатлардан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жамоатчилик фикрини ўрганиш ва акс эттириш учун фойдаланилиши мумкин.

8-модда. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш

Давлат органларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш давлат органининг раҳбари ёхуд бошқа ваколатли шахс томонидан амалга оширилади. Бунинг учун давлат органларида махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин, қабул учун масъул бўлган мансабдор шахслар белгиланади.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалларига мувофиқ ўтказилади.

Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, шунингдек қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга ушбу Қонунда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин.

Давлат органларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби мазкур органлар раҳбарлари томонидан белгиланади.

Давлат органларининг шахсий қабулни ўтказувчи раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари ҳар қандай масалалар, шу жумладан, ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмас, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар шахсий қабул давомида баён этилган масалаларни ҳал этиш давлат органининг ваколатларига кирмаса, тегишли мансабдор ёки бошқа ваколатли шахслар мурожаат этувчига мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириши керак.

Шахсий қабул давомида давлат органининг раҳбари қарорига кўра ҳамда мурожаат этувчининг ёзма розилиги билан махсус техника воситалари (аудио- ва видеоёзув, шунингдек фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.

Давлат органларининг раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин.

9-модда. Мурожаатлар бўйича иш юритиш

Давлат органларида мурожаатлар бўйича иш юритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.

 

2-БОБ. ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТ ЭТИШ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

10-модда. Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда камситишга йўл қўйилмаслиги

11-модда. Мурожаат этиш ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолатлари

12-модда. Мурожаат этилганда ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларга риоя этилишининг кафолатлари

13-модда. Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш кафолатлари

14-модда. Мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги кафолатлари

15-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари муносабати билан уларнинг хавфсизлиги кафолатлари

10-модда. Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда камситишга йўл қўйилмаслиги

Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди.

11-модда. Мурожаат этиш ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолатлари

Жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади.

12-модда. Мурожаат этилганда ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларга риоя этилишининг кафолатлари

Давлат органлари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.

13-модда. Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш кафолатлари

Мурожаатлар давлат органлари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт, ушбу Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Жисмоний ёки юридик шахс мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқиш қонунга хилоф равишда рад этилганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

14-модда. Мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги кафолатлари

Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар ва, агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборот давлат органлари ходимлари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.

15-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари муносабати билан уларнинг хавфсизлиги кафолатлари

Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига мурожаат этганлиги, шунингдек мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади.

3-БОБ. МУРОЖААТЛАРНИ БЕРИШ ВА УЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

16-модда. Мурожаатларни бериш тартиби

17-модда. Мурожаатларни бериш муддатлари

18-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

19-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

20-модда. Мурожаатларни кўрмай қолдириш

16-модда. Мурожаатларни бериш тартиби

Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли. Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, мурожаатлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.

Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно. Мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига юборилганда, унга кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар илова қилиниши керак.

17-модда. Мурожаатларни бериш муддатлари

Мурожаатларни бериш муддатлари, қоида тариқасида, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар давлат органининг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тегишли давлат органларига мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.

Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.

Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати аризани ёки шикоятни кўриб чиқувчи давлат органи томонидан тикланади.

18-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

Давлат органига келиб тушган мурожаатлар шу орган томонидан ёки унинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича мажбуриятлар зиммасига юклатилган мансабдор шахси томонидан кўриб чиқилади.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органининг мансабдор шахси мурожаат этган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.

Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, зарур ҳолларда, мурожаат жойнинг ўзига бориб кўриб чиқилишини таъминлаши мумкин.

Мурожаат этувчи ёки бошқа шахс йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш имкони бўлмаса, улар давлат органининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат этувчи келмаган тақдирда давлат органининг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш имкони йўқлиги ҳақида жавоб юборади.

Мурожаатга жавобни давлат органининг раҳбари ёки бошқа ваколатли мансабдор шахси имзолайди.

Агар мурожаатда қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади.

Агар мурожаатни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текшириш, шу жумладан, молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Мурожаатни қайтариб олиш ҳақидаги ариза давлат органлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилишини истисно этмайди.

19-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф давлат органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

20-модда. Мурожаатларни кўрмай қолдириш

Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

  • аноним мурожаатлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
  • қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

4-БОБ. МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШДА ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҲАМДА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

21-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари

22-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишда қўлланиладиган чора-тадбирлар

23-модда. Мурожаатни кўриб чиққан давлат органининг мажбуриятлари

24-модда. Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш

21-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари

Мурожаат давлат органлари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органларининг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахслари жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.

22-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишда қўлланиладиган чора-тадбирлар

Давлат органлари мурожаатларни кўриб чиқишда қонунга хилоф ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) барҳам беришга доир чора-тадбирларни дарҳол кўриши, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаши, мурожаат этганлиги муносабати билан жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари таъқиб қилинишига белгиланган тартибда барҳам бериши шарт.

23-модда. Мурожаатни кўриб чиққан давлат органининг мажбуриятлари

Мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши шарт.

Мурожаатларга жавоблар, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак.

Мурожаат юзасидан қарор қабул қилган давлат органининг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахси, агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг устидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шарт.

Мурожаатни кўриб чиққан давлат органи, унинг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахслари мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, шунингдек агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриши шарт.

24-модда. Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш

Мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида мурожаатларни бир йилда камида бир марта умумлаштиради ва таҳлил қилиб боради.

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

25-модда. Низоларни ҳал этиш

26-модда. Моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш

27-модда. Била туриб ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатларни кўриб чиқишда қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаш

28-модда. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

29-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

30-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

25-модда. Низоларни ҳал этиш

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

26-модда. Моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш

Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси ёхуд шикояти ана шу мурожаат бўйича қонунга хилоф қарор қабул қилган давлат органи томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, аризани ёки шикоятни кўриб чиқиш учун тегишли давлат органининг талаби билан жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади. Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин.

Жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини ёхуд шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш сифатида давлат органи томонидан тўланган маблағлар айбдор мансабдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.

27-модда. Била туриб ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатларни кўриб чиқишда қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаш

Била туриб ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи томонидан қилинган харажатлар жисмоний ёки юридик шахсдан суднинг қарорига кўра ундириб олиниши мумкин.

28-модда. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

29-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майда қабул қилинган "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги 1064-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, N 5, 140-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1994 йил 6 майда қабул қилинган "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 1065-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, N 5, 141-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 446-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 1, 7-модда).

30-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

  • ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
  • давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

И. Каримов

Ўзбекистон Республикасининг Президенти