Кимё саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг базавий тармоқлар сирасига киради ва қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришни жадаллаштириш эҳтиёжларидан келиб чиқиб минерал ўғитлар чиқарувчи корхоналарни қуриш орқали ташкил топган.
Республиканинг замонавий кимё саноати тарихи Шорсув олтин гугурт кони 1932 йилда ишга туширилиши билан бошланади.
1940 йилда кимё саноатининг энг йирик корхонаси — Чирчиқ электркимё комбинати (бугунги кунда «Максам-Чирчиқ» АЖ) маҳсулот бера бошлади.
1962 йилда Фарғона азотли ўғитлар заводи(бугунги кунда «Фарғонаазот» АЖ) ишга туширилди.
1964 ийлда Навоий кимё комбинати (бугунги кунда «Навоийазот» АЖ) маҳсулот бера бошлади.
1969 йилда Олмалиқ кимё заводи (бугунги кунда «Аммофос-Максам» АЖ) ишга туширилди.
Ҳозирги вақтда «Максам-Чирчиқ», «Навоийазот» ва «Фарғонаазот» акциядорлик жамиятлари азотли ўғитлар — аммиакли селитра, карбамид, аммоний сулфати ишлаб чиқарадилар. «Аммофос-Максам» ва «Қўқон суперфосфат заводи» акциядорлик жамиятлар фосфорли ўғитлар — аммофос, супрефос, оддий аммонийли суперфосфат, аммонийсулфофосфат ва нитрокалцийфосфат — ишлаб чиқарадилар. Уларни хом ашё билан “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ таъминлайди.
Компания корхоналарини ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб қуйидаги ишлаб чиқариш мажмуаларга бўлиш мумкин:
• минерал ўғитлар, ноорганик моддалар ва энергетика, олтинкон ва кимё саноатлари учун кимё реагентлар ишлаб чиқариш мажмуаси;
• органик кимё, сунъий тола ва полимер материаллар ишлаб чиқариш мажмуаси;
• ўсимликларни муҳофаза қилиш кимё воситалари ишлаб чиқариш мажмуаси;
• калцийлаштирилган сода ишлаб чиқариш мажмуаси.
«Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналарида 180 дан зиёд турдаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқарилган кимё маҳсулотлари халқ хўжалигининг кўплаб тармоқларига хусусан, қишлоқ хўжалиги, мебел саноати, тоғ-кон саноати, электротехника саноати, нефт ва газ саноати, қурилиш саноати, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати ва бошқаларга етказиб берилади.