2023 йил давомида «Ўзкимёсаноат» АЖга жами 510 та (2022 йилда 528 та) ариза ва шикоятлар келиб тушган. Вилоятлар кесимида таҳлил қилинганида, Қорақалпоғистон Республикасидан 34 та, Бухоро вилоятидан 3 та, Жиззах вилоятидан 16 та, Қашқадарё вилоятидан 149 та, Навоий вилоятидан 142, Наманган вилоятидан 3 та, Самарқанд вилоятидан 5 та, Сирдарё вилоятидан 2 та, Сурхандарё вилоятидан 2 та, Тошкент вилоятидан 71 та, Фарғона вилоятидан 326 та, Хоразм вилоятидан 2 та, Тошкент шаҳридан 43 та, бошқа ҳудудлардан 6 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, улардан 30 таси коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги мурожаатлардир.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги аризалар таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 4 таси ишонч телефони, 10 таси Президент виртуал қабулхонаси, 2 таси Халқ қабулхонаси ва 9 таси жамиятнинг почта манзили, 2 таси Жамиятнинг электрон почта манзили, 1 та ёзма шаклда, 1 таси Жамиятнинг электрон бот манзилига орқали келиб тушган бўлса, 1 таси ариза бевосита фуқарони шахсий қабулидан олинган аризаларни ташкил этади.
Мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлилида 14 таси Қашқадарё вилояти, 6 таси Навоий вилояти, 2 таси Фарғона вилояти, 7 таси Тошкент вилояти, ва 1 таси Қорақалпоғистон Республикасида яшайдиган фуқаролардан юборилганлиги маълум бўлган.
Барча мурожаатлар тегишлилиги бўйича «Ўзкимёсаноат» АЖ Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси ҳамда тизим корхоналари Комплаенс хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилган.
Алоқа каналлари орқали келиб тушган мурожаатларни ўрганишлар натижасида 10 та ҳолатда тўпланган ҳужжатлар ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига, 1 та мурожаатда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжудлиги ўз тасдиғини топганлиги муносабати билан фаолият юртаётган ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш чоралари кўрилган ва 4 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Мисол учун, Ф.М. аризаси асосида «Навоийзот» АЖ Малакаларни баҳолаш маркази директори М.Р. ва марказ мутахассиси Ш.К.лар «Навоийзот» АЖда ишчи бўлиб ишловчи Д.Ани юқори маошлик лавозимга ўтказиш учун 700 АҚШ долларини олганлиги ҳолати юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи идорага юборилган.
2023 йилда «Навоийзот» АЖда айрим мансабдор шахсларнинг иш фаолиятида учраётган камчиликларни аниқлаш ва келгусида бундай ҳолатларнинг содир этилишини олдини олиш учун «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан текширувлар уюштирилган. Ўтказилган текширувлар натижаси юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи идорага юборилган. Натижада Навоий вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Тергов якуни бўйича 2023 йилнинг 15 ноябрь куни тегишли судлов ҳукми чиқиб, унга кўра «Навоийзот» АЖда мансабдор лавозимларда ишлаган Ж.З., М.О., Э.А., С.С. ва Ф.Н.лар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан айбли деб топилган. Мазкур жиноят ишини тергов қилиш жараёнида етказилган моддий зарарлардан 2.700.000.000 дан ортиқ моддий зарарлар қопланишига эришилган.
Бундан ташқари, алоқа каналлари орқали келиб тушган маълумотлар асосида жорий йилнинг март ойида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Навоиязот» АЖ Комплаенс бошқармалари томонидан Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Ҳасан-ата» МЧЖга қарашли 5-сонли ваколатли омборда ўтказилган хатлов жараёнида омбор мудири Ў.Д. томонидан 1 март ҳолатига 1224,273 тонна – биржа баҳоси 3 695 685 971 сўмлик минерал ўғитлар камомади аниқланди. Айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида тўпланган материаллар Навоий вилоят прокуратурасига жўнатилди. Натижада Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми, 228-модда 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарарнинг 3,1 млрд. сўми ундирилишига эришилди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган коррупцион ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаб ва омиллари таҳлил қилиниб, мавжуд коррупцион хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларнинг 2024 йил учун мўлжалланган режаси тасдиқланди. Шунингдек, келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган ҳолатларнинг салбий оқибатлари, корхона ва ташкилотлардаги мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласини кучайтириш мавзуларида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида жамият шахсий таркиби ва тармоқ корхоналари раҳбарлари иштирокида бир неча маротаба профилактик суҳбат ва семинар тадбирлари ўтказилган.