2022 йил давомида «Ўзкимёсаноат» АЖга 27 та коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида мурожаатлар келиб тушган.
Уларнинг 8 таси ишонч телефони, 8 таси Президент виртуал қабулхонаси, 1 таси Халқ қабулхонаси ва 10 таси жамиятнинг почта манзили орқали келиб тушган. Мурожаатлар ҳудудлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатдики, 5 таси Қашқадарё вилояти, 7 таси Навоий вилояти, 2 таси Фарғона вилояти, 2 таси Тошкент вилояти, ва 1 таси Қорақалпоғистон Республикасида яшайдиган фуқаролардан юборилганлиги маълум бўлган.
Барча мурожаатлар тегишлилиги бўйича «Ўзкимёсаноат» АЖ Комплаенс хизмати ҳамда тизим корхоналари Комплаенс хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилган.
Алоқа каналлари орқали келиб тушган мурожаатларнинг ўрганишлари натижасида 12 та ҳолатда тўпланган ҳужжатлар ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди, 4 та мурожаатларда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжудлиги ўз тасдиғини топганлиги муносабати билан фаолият юритаётган ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш чоралари кўрилган ва 5 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Мисол учун, Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро М.М. томонидан келиб тушган мурожаат асосида «Фарғонаазот» АЖнинг Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлими ходими Г.Р.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, хизмат текшируви хулосасига асосан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, мазкур бўлимдаги хизмат вазифаларини тўлақонли бажармаган 4 нафар ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Р.нинг мурожаати асосида «Навоиязот» АЖнинг 56-цех ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, цех балансида бўлган 182 дона 25,9 млн.сўмлик алюмин плиткалари талон-тарож қилинганлик ҳолати ўз тасдиғини топганлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда Навоий шаҳар ИИБга юборилиб, оқибатда тегишли тартибда Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланган.
«Навоиязот» АЖнинг бир гуруҳ ходимларининг жамоавий мурожаатлари асосида «Ўзкимёсаноат» АЖнинг Комплаенс хизмати томонидан жойига чиққан ҳолда хизмат текшируви ўтказилиб, «Навоиязот» АЖнинг масъул ходими С.Э. ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб, ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда хизмат сафарлари, иш ҳақлари, транспорт воситалари харажатлари, ижара ҳақи тўловлари ва мукофот пулларини (жами 591,5 млн. сўм) ноқонуний ўзлаштирганлик ҳолати ўз тасдиғини топган, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура идорасига юборилган. Прокуратура идоралари томонидан жиноятни содир этган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167- ва 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Юқорида таъкидлаб ўтилган коррупцион ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаб ва омиллари таҳлил қилиниб, мавжуд коррупцион хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларнинг 2023 йилги режаси тасдиқланди. Шунингдек, келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган ҳолатларнинг салбий оқибатлари, завод ва корхоналардаги мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласини кучайтириш мавзуларида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида жамият шахсий таркиби ва тармоқ корхоналари раҳбарлари иштирокида профилактик суҳбат ва семинар тадбирлари ўтказилган.