"Ўзкимёсаноат" АЖ

Жамиятда коррупцияга қарши курашиш ва давлат харидларида шаффофликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

// 23 yanvar 2026 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/zhamiyatda-korrupciyaga-qarshi-kurashish-va-davlat-haridlari

«Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда унинг тармоқ корхоналарида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, давлат харидларини адолатли ва шаффоф ўтказишни кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 22–23 январ кунлари икки кунлик амалий тадбир ўтказилди.
 
Унда «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг тармоқ корхоналарининг коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармалари раҳбарлари иштирок этди. 
 
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги «Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2025 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонларида белгиланган вазифаларнинг жойларда сифатли ижросини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
 
Шунингдек, иштирокчиларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида «1С: Шартнома» ҳамда «Комплаенс модуллари» ахборот тизимларида ишлаш, давлат харидларини адолатли ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларини текшириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
 
Мазкур тадбир «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада кучайтиришга, давлат харидлари соҳасини ислоҳ қилиш, уни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупция хавфларини кескин камайтиришга хизмат қилади.