"Ўзкимёсаноат" АЖ

Январь-июнь ойларида кимё саноатида барқарор ўсиш қайд этилди

// 30 iyul 2025 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/yanvar-iyun-oylarida-kimyo-sanoatida-barqaror-usish-qayd-eti

Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида мамлакатимизда кимё саноатида юқори фаоллик ва ижобий натижалар қайд этилди. Мазкур даврда соҳада 9,4 трлн сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 107,3 фоизни ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108,1 фоизлик ўсишни англатади.

Кимё корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар орасида минерал ўғитлар муҳим ўрин тутади. Ҳисобот даврида соф ҳолда жами 673,2 минг тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқарилди. Бу режага нисбатан 96,9 фоизни ташкил этиб, 100,9 фоизлик ўсишга эришилди.

Жумладан:

Азотли ўғитлар — 512,5 минг тонна (режа – 96,5 фоиз, ўсиш – 102,4 фоиз);

Фосфорли ўғитлар — 55,7 минг тонна (режа – 96,8 фоиз, ўсиш – 91 фоиз);

Калийли ўғитлар — 105,0 минг тонна (режа – 99 фоиз, ўсиш – 99,4 фоиз).

Ушбу кўрсаткичлар кимё саноатида ишлаб чиқариш ҳажми барқарор равишда ошиб бораётганини ва ички ҳамда ташқи бозорда маҳсулотларга бўлган талабни қондириш имконияти кенгаяётганини кўрсатади.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвестиция лойиҳаларининг самараси бу натижаларда ўз аксини топмоқда. Келгусида минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда локализация даражасини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш соҳанинг асосий вазифалари сифатида белгиланган.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати