"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖда рақамли трансформация: кимё саноатида янги босқич

// 27 aprel 2026 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azhda-raqamli-transformaciya-kimyo-sanoatida-y

2026 йилнинг биринчи чорагида «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан кимё саноатини рақамлаштириш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш борасида қатор муҳим ишлар бажарилди. Бу жараёнлар тармоқнинг шаффофлиги, самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Жумладан, кимё тармоғи учун ягона рақамли платформа доирасида кенг қамровли маълумотлар базаси шакллантирилди. Мазкур база соҳада фаолият юритаётган 13 459 та ташкилот ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Унда корхоналарнинг лицензиялари, импорт-экспорт операциялари, молиявий кўрсаткичлари ҳамда бошқа муҳим маълумотлар жамлангани тармоқни комплекс таҳлил қилиш ва самарали бошқариш имкониятини яратади.

Яратилган ягона платформа кимё саноатидаги барча иштирокчилар учун қулай рақамли муҳитни шакллантириб, қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш, маълумот алмашинувини яхшилаш ва таҳлил имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу орқали тармоқдаги ишлаб чиқариш, савдо ва молиявий жараёнларни мувофиқлаштириш янада самарали йўлга қўйилмоқда.

Шу билан бирга, инсон капитали ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг тармоқ корхоналарида рақамлаштириш жараёнларига масъул бўлган 101 нафар раҳбар ва мутахассис «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» дастури доирасида малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификатларга эга бўлди.

Умуман олганда, «Ўзкимёсаноат» АЖда амалга оширилаётган рақамли трансформация жараёнлари кимё саноатини янги босқичга олиб чиқиш, унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.