"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖда коррупцияга қарши курашишга оид олиб борилган ишлар

// 27 oktabr 2023 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azhda-korrupciyaga-qarshi-kurashishga-oid-olib

Коррупцияга қарши кураш замонавий дунёнинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ бу иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинган. Чунки порахўрлик — ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан бири. Шу боисдан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, чек қўйиш,  имконият яратиб берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш. Давлат томонидан қабул қилиниб келаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган.

Коррупцияга қарши олиб борилаётган чора-тадбирларнинг асосий мақсади нафақат коррупция оқибатларига қарши курашиш, балки коррупциянинг намоён бўлишига олиб келадиган омилларни, шу жумладан, унинг олдини олиш соҳасидаги ишларни бартараф этишдан иборат.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жамият ва тармоқ корхоналарида «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати» талабларига мувофиқ хизмат вазифасига кўра коррупциявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори ва ўрта бўлган 8454 нафар ходим манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги декларацияни тўлдирди. «Ўзкимёсаноат» АЖда 120 нафар, «Навоийазот» АЖда 1076 нафар, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ ҚҚ 1140 нафар, «Максам-Чирчиқ» АЖда 5824 нафар, «Деҳқонобод калий заводи» АЖда  161 нафар, «Аммафос Максам» АЖда 88 нафар ва «Ўзкимёимпекс» МЧЖда 45 нафар ходим декларация тўлдиришган. Ва бунда декларация тўлдирганлар жамият ва тармоқ корхоналари бўйича 100% ни ташкил этган.  Декларациялар таҳлил қилинганда, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 67 та масъул ходимларда реал, 122 та ҳолатда эса эҳтимолий (потенциал) манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланди.

Жумладан, «Максам-Чирчиқ» АЖда 30 та, «Навоийазот» АЖда 19 та, «Аммофос-Максам» АЖда 10 та, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ да 3 та, «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖда 5та ҳолатда ўзаро яқин қариндошлар бевосита қўл остида ёки раҳбарлигида ишлаши билан боғлиқ вужудга келган манфаатлар тўқнашуви аниқланди. Бошқарув раисларининг кўрсатмаларига кўра ходимларни корхонанинг бошқа цехлари ва лавозимларига ўтказиш билан манфаатлар тўқнашувини олдини олиш чоралари кўрилмоқда. 

Эҳтимолий ҳолатлар аниқланган 122 нафар ходимлар билан жамият томонидан тасдиқланган «Коррупцияга қарши курашиш сиёсати», «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш буйича Низом», «Одоб-ахлоқ Кодекси» талаблари буйича қўшимча тушунтириш ва профилактик тадбирлар ўтказилди. Ушбу декларациялаш тизимда коррупциянинг оқибати билан эмас, балки уни олдини олиш, сабаблари билан курашиш, чек қўйиш имконини беради.

«Ўзкимёсаноат» АЖ илғор халқаро стандартлар асосида профилактика тизими ва коррупцияга қарши муросасиз курашиш бўйича изчил чора-тадбирларни олиб бормоқда. Ташкилот фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш орқали давлат бошқаруви органлари устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

2023 йилнинг ўтган 9 ойи давомида коррупцияга қарши чора-тадбирлар «Ўзкимёсаноат» АЖ марказий аппарати, «Навоийазот», «Деҳқонобод калий заводи», «Максам-Чирчиқ», «Аммофос-Максам», «Ўзкимёсаноатлойиҳа» АЖлари, “Қизилқум фосфорит комплекси“, «Ўзкимёимпекс» МЧЖларида амалга оширилди.

Мисол учун, «Навоийазот» АЖнинг масъул мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 167 моддаси 3-қисми «а,» банди, 205 моддаси 2-қисми «а» банди  билан қўзғатилган жиноят иши доирасида  Жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш жараёнида қўйидаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

17 турдаги минерал ўғит ва кимёвий моддаларни  биржа савдоларисиз ва олдиндан тўловларсиз реализация қилиб юзага келган қарздорликни ёпиш учун,  турли асбоб-ускуналарни қиммат нархларда бартер қилиб жарималарни ундирмасдан, корхона мулкини растрата қилиш йўли билан кўп миқдорда зарар етказилган;

- асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари бажарилмаганлиги натижасида жамиятнинг 31-цехида 1 199,7 тонна демонтаждан чиққан қора металлар камомадига йўл қўйилган;

- Жамият масъул ходимлари томонидан 61,4 кг.платина, 15,2кг. палладий ва 1,8 кг. родий қимматбаҳо металларнинг асоссиз меъёридан ортиқча харажатга чиқарилганлиги ва 916-цехдаги кучсиз азот кислотаси фильтрини асоссиз тозалаш натижасида қимматбаҳо металлар камомадига йўл қўйилган;

- Жамиятга қарашли 107-цехда 9 турдаги асосий восита ва товар моддий бойликлари камомадига йўл қўйилган;

- Минерал ўғитларни биржа савдолари орқали сотишда белгиланган талабларга зид равишда маҳсулотнинг нархига, талабига, таклифига ва уни етказиб бериш шартларига сунъий равишда таъсир этиб, талабда белгиланган жойлардан юклаб жўнатилмасдан рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга ошириб, 201 та ҳолатда арзон нархларда ишлаб чиқариш цехидан маҳсулотлар юкланган;

- Жамият ва минерал ўғитлар сотиб олувчилар ўртасида биржа савдолари орқали тузилган маҳсулот сотиб, шартномалари шартларининг харидорлар бажармаганлиги натижасида 260 та ҳолатда жарималар асоссиз ундирилмаган;

- Жамият ва минерал ўғитлар сотиб олувчилар ўртасида биржа савдолари орқали тузилган маҳсулот сотиб олиш шартномалари шартларининг харидорлар бажармаганлиги сабабли хисобланган жарималар асосиз ундирилмаган ва солиқлар бюджетга ҳисобланиб тўланмаган;

- Жамият ишлаб чиқараётган темир хлориди маҳсулоти хом ашёлари Жамият раисининг 1-ўринбосари таъсисчилигида ташкил қилинган “Эко Хим пром” МЧЖга сотилиши натижасида даромад олинмасдан қолган;

Тармоқ корхоналари омборхоналаридаги товар-моддий бойликларини сақлаш соҳасида камомадларга йўл қўйилиши ҳолатлари ҳам аниқланган.

Жорий йилнинг 1-чорагида «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда «Навоийазот»АЖ Комплаенс бошқармалари томонидан «Навоийазот» АЖга тегишли Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги «Ҳасанота» МЧЖ га қарашли 5-сонли ваколатли ижара омборидаги тайёр маҳсулотларнинг сақланиши юзасидан хизмат текшируви ўтказилди.  Мазкур текширув жараёнида, «Навоийазот» АЖга тегишли бу ижара омборида 1224 тонна тайёр маҳсулотларнинг камомади аниқланган. «Хасаната» МЧЖ мансабдор шахслари ўзларига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган 1224 тонна аммиакли селитра маҳсулотини жисмоний ва юридик шахсларга нақд пул шаклида сотиб, расмий ҳужжат ҳисобланган ҳисоботга маҳсулотлар қолдиғи мавжудлиги ҳақидаги сохта маълумотларни киритган ҳамда ўз жавобгарлигида бўлган Жамият мол-мулкини кўп миқдорда ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилганлиги маълум бўлди. «Навоийазот» АЖнинг масъул мансабдорлари ҳар ой якуни бўйича ўтказилган хатлов жараёнларида юзага келган камомад яшириб келганлиги ҳам юзага чиқди.

Хизмат текшируви бўйича тўпланган материаллар айбдорларга қонуний чора кўриш ҳамда етказилган зарарни ундириш мақсадида Навоий вилоят прокуратурасига юборилди. Натижада, вилоят прокуратураси томонидан ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3 қисми, 228-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги кунда жиноят иши доирасида олиб борилаётган  тергов давомида «Хасаната» МЧЖнинг мансабдорларидан етказилган зарарнинг бир қисми ундирилиб, унинг қолган қисмини тўлиқ ундириш чоралари кўрилмоқда.

 Шунингдек, «Ўзкимёимпекс» МЧЖдан яроқлилик муддати ўтган
183 тонна аммиакли селитра минерал ўғитини қайта ишлаш учун қабул қилишда аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилди. Текширув давомида, Ўзкимёимпекс” МЧЖ томонидан аммиакли селитра «тонна» ва «қоп»лар ҳисобида қабул қилиниб, яроқли бўлган даврида сотиш чоралари кўрилмасдан, яроқлилик муддати ўтган минерал ўғитлар фақат «қоп»лар сони бўйича ҳисобланиб, нотўғри топширилганлиги ва масъул шахслар томонидан яроқлилик муддати ўтган минерал ўғитларни юклаб жўнатиш ва қабул қилишни комиссия асосида тўғри ташкил этилмаганлиги ҳамда бошқа номувофиқликлар юзасидан ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаганлиги натижасида жами 161 тонна 532 млн.дан ортиқ камомадни келиб чиққан. Ҳужжатлар Навоий вилоят прокуратурасига юборилган. Ўз навбатида прокуратура томонидан Жиноят Кодексининг 167, 209, 205 моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти ДХХ бошқармаси томонидан «Деҳқонобод калий заводи» АЖ мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми, 205-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговда аниқланишича, корхона ишчи-ходимларига иш ҳақи ва унга тенг қўшимча тўловлар, моддий ёрдам, мукофот ва рағбатлантириш пуллари, уй-жой олиш учун ажратилган пул маблағлари асоссиз тўлаб берилиши ҳамда мансабдор шахсларнинг ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилганликлари оқибатида келиб чиққан тайёр-маҳсулотларнинг омборхоналардаги камомади натижасида АЖга кўп миқдорда зарар етказилган. Ҳолатлар бўйича жиноят иши материаллари суд органларига юборилган.

Таъкидлаш лозим, жорий йилнинг ўтган даврида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирларда корхона мансабдор шахсларидан зарарнинг бир қисми ундирилди.

             Коррупцияга қарши курашда нафақат комплаенс хизмати, балки жамият ва тармоқ корхоналарида фаолият юритадиган ҳар бир ходимнинг ёрдами зарур. Шу мақсадда «Ўзкимёсаноат»АЖ ва тармоқ корхоналарида «Антикоррупцион назорат» номли t.me uzkimyosanoatanticorbot «Телеграм-бот» ишга туширилди. Бот орқали коррупцион ҳолат бўйича мурожаат юбориш ва алоқа маълумотларини олиш мумкин. Ҳар бир мурожаат рўйхатга олинади ва мурожаатчи бот орқали хабардор қилиб борилади.

Мухтасар айтганда, коррупция Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилувчи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормалар ижросини мураккаблаштирувчи омил. Унинг кўлами давлат ва айниқса корхоналарнинг иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Қолаверса, коррупция инсоннинг шахсий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини амалга ошириш йўлидаги катта тўсиқ. Бу иллат жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этиш билан боғлиқ очиқлик, ошкоралик, жавобгарлик, камситилмаслик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларини бузади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида коррупциянинг олдини олиш билан боғлиқ вазият изчил яхшиланиб бораётгани халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Буни Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин.

Умуман олганда, коррупция ҳодисасига сўзнинг кенг маъносида ёндашадиган бўлсак, бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолати. Шундай экан, унга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъул.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Коррупцияга қарши курашиш ва

комплаенс бошқармаси