"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ Термиздаги ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида иштирок этмоқда

// 23 oktabr 2025 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-termizdagi-hududiy-tarmoqlararo-sanoat-yar

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз фаолиятини бошлади. Тадбирнинг асосий мақсади — замонавий, рақобатбардош, экспортбоп ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятларини кенгайтириш ва саноат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Ярмаркада “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва унинг таркибига кирувчи корхоналар фаол иштирок этмоқда. Ташкилот стендларида кимё саноатида ишлаб чиқарилаётган замонавий маҳсулотлар, инновацион ишланмалар ва истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдим этилмоқда. Шу билан бирга, жамият ҳудудий тармоқлараро ҳамкорликни кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича амалий ташаббусларни илгари сурмоқда.

Икки кун давом этадиган ушбу ярмаркада мамлакатимиздаги салоҳиятли саноат корхоналари ва маҳаллий тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё саноати, чарм-поябзал ва тўқимачилик, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат саноати йўналишларида ишлаб чиқараётган маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Умуман олганда, ҳудудлараро саноат ярмаркаси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик битимлари ва шартномалар имзоланиши, шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилиши кутилмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати