Бугун иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бу борада «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тармоқ корхонларида ҳам амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 июндаги «Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Президентимиз раислигида жорий йил 27 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган.
Унга кўра «Ўзкимёсаноат» АЖ тизим корхоналари томонидан қўшимча энергия тежамкорлик тадбирлари орқали жорий йил сентябрь–декабрь ойларида 171,9 млн м3 табиий газ ва 175,1 млн кВт.с электр энергиясини иқтисод қилиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг сентябрь ойидан шу кунга қадар «Ўзкимёсаноат» АЖ бўйича 78 980,52 минг м3 табиий газ ва 103 403,70 минг кВт.с электр энергиясини иқтисод қилишга эришилди.
Жумладан, «Навоиязот» АЖда айни пайтга қадар 2 260 кВт қуёш панеллари ўрнатилди. Октябрь ойи якунига қадар 740 кВт қувватли қуёш панеллари ишга туширилади. Шунингдек, газ истеъмолини тежаш мақсадида 3 та ускуна ҳам ўрнатилди.
«Аммофос-Махам» АЖда эса 19 дона реактив қувватни компенсациялаш қурилмалари ўрнатилди.
Шу билан бирга «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖда ҳаракат датчикларининг ўрнатилиши эвазига электр энергиясини тежаш имкони яратилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги корхоналарда доимий тарзда давом эттирилади.
"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати