"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда Покистон Ислом Республикасининг бир қатор йирик компаниялари ва давлат ташкилотлари билан учрашувлар бўлиб ўтди

// 28 oktabr 2024 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-hamda-pokiston-islom-respublikasining-bir-

Жорий йилнинг 23-24-октябр кунлари «Ўзкимёсаноат» АЖ делегацияси Покистон Ислом Республикасида бўлди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Акобир Тўхтаев бошчилигида Покистон Ислом Республикасининг бир қатор йирик компаниялари ва давлат ташкилотлари билан салмоқли музокаралар ҳамда учрашувлар бўлиб ўтди. 

Покистон Ислом Республикаси Озиқ-овқат хавфсизлиги вазирининг биринчи ўринбосари Али Тахир билан учрашув ташкил этилиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитларнинг Покистонга экспорт ҳажмини кенгайтириш ва ушбу маҳсулотларга мавжуд талаб юзасидан мунтазам равишда ахборот алмашишга келишиб олинди. 

«Wah Nobel» компанияси директори Шираз Уллаҳ билан бўлиб ўтган музокараларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда кимё саноатида фаол ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган метанол, нитрат аммоний, селитра, натрий нитрат маҳсулотларининг Покистон Ислом Республикасига экспортини амалга ошириш, логистика бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилди.

«Nimir Group» компанияси ижрочи директори Зафар Маҳмуд  билан бўлиб ўтган учрашувда «Ўзкимёсаноат» АЖ саноат зоналарида алкидли қатронлар, олео-кимё моддалари, совун  концентрати, хлорли парафин муми каби кимё маҳсулотлари ҳамда цемент қўшимчалари, эпоксид қопламалар, таъмирлаш оҳаклари, елим ва мастиклар каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.  

«Aziya Ariya» компанияси ва «Ўзкимёсаноат» АЖ  ўртасида минерал ўғитлар экспорт шартномаси имзоланди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати