"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ билан ҳамкорликда КОICА стипендия дастурининг навбатдаги грант ғолиблари билан учрашув ўтказилди

// 10 sentabr 2024 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-bilan-hamkorlikda-koica-stipendiya-dasturi

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (КОICА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Ўзкимёсаноат» АЖ билан ҳамкорликда КОICА  стипендия дастурининг навбатдаги грант ғолиблари билан учрашув ўтказилди. 

Ғолиблар Кореянинг Даэжон шаҳридаги Фан ва технология университетида (UST) Phd ва магистратура дастурлари бўйича таҳсил олишни бошлашади.

Маълумот учун, бугунги кунгача дастур учун магистратурага 10 нафар, докторантурага 4 нафар номзод танлаб олинди. Улардан 9 магистрант ва 3 нафар докторант аллақачон стипендия дастурларида Кореяда таҳсил олишни бошлашган. 

Талабалар танлов асосида сараланади. Танловда эса Ўзбекистон бўйлаб кимё муҳандислиги мутахассислигида таҳсил олаётган барча иштирок этиши мумкин. 
Мазкур стипендия дастури КОICA, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва Корея илмий-тадқиқот ташкилоти (КRICT) билан ҳамкорликдаги «Кимёвий технологиялар маркази (Uzcct) салоҳиятини ошириш» (7,0 миллион АҚШ доллари/2021-2027 йиллар), йирик ташаббусининг бир қисми ҳисобланади. КОИCА талабаларнинг ўз илмий ишларига бор эътиборларини қаратиши ва сифатли таълим олишлари учун ўқув харажатларини тўлиқ молиялаштиради. 

Лойиҳа Ўзбекистон кимё саноатининг рақобатбардошлигини ошириш, 2025 йилгача Ўзбекистон кимё технологиялари маркази (ЎзКМТ) учун операцион инфратузилмани яратиш ва соҳада юқори даражали кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.

Тадбирда КОИCАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Ким Таэ Хун талабаларга омад тилаб улкан зафарларга эришишга чорлади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати