Бугун, 30-апрел куни Урумчи шаҳрида Ўзбекистон - Хитой иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
Унинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном раёни Партқўми котиби Ма Синжуй бошчилигидаги делегациялар иштирок этди.
Сўнги йилларда мамлакатлар ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб, яхши муносабат ва дўстликнинг янги моделига айланиб бораётгани, бунда айниқса, Давлатлар Раҳбарлари ўртасидаги яқин, самимий ва биродарлик муносабатлар муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, бундай тадбирлар, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни чуқурлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг янги қирраларини очишга ёрдам бериши алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда хитойлик ҳамкорлар билан энергетика, кимё, машинасозлик, текстил, қурилиш материаллари, маиший техника, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар самарали амалга ошириб келинмоқда.
Иқтисодий форумда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раиси О. Темиров Ўзбекистон Республикаси кимё саноати салоҳияти ва истиқболларига бағишланган тақдимот ўтказди.
Хусусан, иқтисодиётнинг турли тармоқларига кимёвий маҳсулотларни фаол жалб этиш мақсадида йўлга қўйилган саноат кооперацияси, ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.
Шунингдек, кимё-индустриал клатерлар ва технопаркларни ривожлантириш ва уларнинг имкониятларига тўхталиб ўтилди.
Таъкилаш жоиз, бугунги кунда Хитой халқ Республикаси билан умумий қиймати 2,16 млрд долларлик 5 лойиҳа амалга оширилган ва шу аснода ушбу мамлакат компаниялари билан кимё саноатининг анъанавий йўналишларини ҳам, қайта тикланадиган энергия ва хомашёни чуқур қайта ишлаш соҳасидаги замонавий лойиҳаларни ҳам қамраб олган ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати