"Ўзкимёсаноат" АЖ

Тошкент халқаро инвестиция форуми: кимё саноати инвестициялар ва инновациялар марказида

// 17 iyun 2026 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/toshkent-halqaro-investiciya-forumi-kimyo-sanoati-investiciy

2026-йилнинг 16–18-июн кунлари Тошкент шаҳрида мамлакатнинг асосий инвестиция платформаси ҳамда Марказий Осиёдаги энг нуфузли ишбилармонлик майдонларидан бири саналган Бешинчи юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда.

Сўнгги йилларда форум нафақат глобал капитални жалб қилиш механизми, балки минтақанинг инвестиция кун тартибини белгилаб берувчи стратегик мулоқот майдони сифатида ҳам халқаро эътирофга сазовор бўлди. Жорий йилги тадбирда дунёнинг 99 та мамлакатидан 8 мингдан ортиқ иштирокчи, шу жумладан 3,1 минг нафардан зиёд хорижий меҳмон қатнашиши кутилмоқда.



Форумда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти кимё саноати салоҳияти, инвестиция имкониятлари ва тармоқда амалга оширилаётган трансформация жараёнларини намоён этувчи кенг кўламли экспозиция билан иштирок этмоқда. Экспозиция бешта тематик зонадан иборат бўлиб, унда тармоқнинг иқтисодиётнинг турли соҳалари билан интеграцияси, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш занжирлари, экспорт салоҳияти, илм-фан ва инновациялар билан ҳамкорлик ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдим этилган.


Тадбирнинг биринчи кунидаёқ маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар иштирокида қатор Б2Б ва Б2Г форматдаги учрашувлар ташкил этилди. Мазкур мулоқотлар янги шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.



Жорий йилги форум доирасида ҳам “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан бир қатор муҳим инвестиция келишувлари ва ҳамкорлик меморандумларини имзолаш режалаштирилган бўлиб, бу тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга хизмат қилади.