"Ўзкимёсаноат" АЖ

Шавкат Мирзиёев “Навоийазот” акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди

// 20 aprel 2018 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/shavkat-mirziyoev-navoiyazot-akciyadorlik-zhamiyatida-amalga-oshirilayotgan-yirik-loyihalar-bilan-tanishdi

Мамлакатимиз кимё саноатининг энг йирик корхонаси – “Навоийазот” акциядорлик жамиятида учта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Булар “Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш”, “Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш қувватларини қуриш” ва “Азот кислотасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаларидир.

Умумий қиймати 1,7 миллиард доллар бўлган ушбу қувватлар Хитой, Япония ва Швейцария билан ҳамкорликда барпо этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев мазкур корхоналар қурилишининг бориши билан танишди.

Биринчи лойиҳа Хитойнинг "China CAMC Engineering CO. Ltd" компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. У мамлакатимиз кимё саноати учун янги турдаги маҳсулотлар – 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқариш имконини беради. Ушбу мажмуа ишга туширилгач, 900 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Япониянинг «Mitsubishi Corporation» ва «Mitsubishi Heavy Industries Ltd.» компаниялари билан ҳамкорликдаги иккинчи лойиҳа доирасида эскирган, кўп энергия талаб қиладиган ускуналарни замонавийсига алмаштирилади. Мажмуада йилига 660 минг тонна аммиак ва қарийб 580 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда бу ерда замонавий техникалар жалб этилган ҳолда 40 та асосий объект қурилиши давом этмоқда.

Швейцариянинг «CASALE SA» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган учинчи мажмуа 500 минг тонна харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари лойиҳалар доирасида амалга оширилган ишларни юқори баҳолади. Белгиланган режа ва вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш, энергия тежамкор ва маҳсулдор технологияларни қўллаш орқали маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, кимё тармоғи корхоналарини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти