"Ўзкимёсаноат" АЖ

«ЎЗКИМЁСАНОАТ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ РАСМИЙ БАЁНОТИ

// 14 mart 2022 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/rasmiy-bayonot-20220313

Бугун ижтимоий тармоқларда айрим фуқаролар томонидан ёзилган:   « «Навоиазот» корхоналаридан атроф муҳит ҳамда инсонлар саломатлиги учун жиддий зарар етказувчи заҳарли моддалар ва газлар ҳавога чиқарилмоқда» мазмунидаги постларда кўтарилган масалалар юзасидан «Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Навоиазот» АЖ қуйидагиларни маълум қилади.

 «Навоиазот» АЖ ўз иш фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Қонунлари, фармонлари ҳамда барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда корхонанинг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш бўйича мунтазам равишда тизимли ва мақсадли ишларни олиб боради. Шу билан бирга «Навоиазот» АЖдан атмосферага тарқайдиган чиқиндилар ва корхонанинг экологик таҳлил (санитария) лабараторияси томонидан доимий назоратга олинган.

Санитария лабораторияси корхонанинг санитария муҳофазаси зонаси, Навоий шаҳри ва унга туташ ҳудуд доирасидаги атмосфера ҳавосидан мунтазам равишда намуна олиш ишларини олиб боради. Шамол йўналишини ҳисобга олган ҳолда Навоий шаҳри ҳудудидаги атмосфера ҳавоси ҳолатини мониторинг қилиш натижалари таҳлили «Навоиазот» АЖ корхоналарига хос бўлган фенол, оғир металлар ва шу каби бошқа ифлослантирувчи моддаларнинг йўқлигини, азот оксидлари ҳамда аммиакнинг эса стандарт таркиби мавжудлигини кўрсатади.

Корхона жойлашган ҳудуд экологиясига таъсирни камайтириш мақсадида «Навоиазот» АЖда ҳар йили атмосфера ва сув омборларига чиқиндиларнинг чиқарилиши, энг муҳими уларнинг ҳосил бўлишини камайтириш, шунингдек, хомашё ҳамда энергия ресурсларини тежаш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

2021 йилда бу борадаги ишларни амалга ошириш харажатлари 1 322,434 миллион сўмни ташкил этди. Шу жумладан:

Экологик вазиятни яхшилаш ва экологик хавфсизликни ошириш бўйича барча чора-тадбирлар «Навоиазот» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

«Навоиазот» акциядорлик жамиятида замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган учта йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши ва эски аммиак, 1-2-босқичларда азот кислотаси ишлаб чиқариш, органик синтез (ацетилен ва бошқалар) ишлаб чиқариш бўйича айрим цехлар фаолияти тўхтатилиши натижасида, 2021 йилда атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг миқдори олдинги йилларга нисбатан сезиларли даражада қисқаришига эришилди. Бугунги кунда корхона томонидан фенол, оғир металлар каби зарарли чиқиндиларни атмосферага чиқариши мумкин бўлган технологик жараёнлардан фойдаланилмайди.

Ҳозирда барча қурилаётган ва реконструкция қилинаётган объектлар «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Экологик экспертиза тўғрисида»ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил  7 сентябрдаги «Давлат экологик экспертизаси тўғрисида»ги 541-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тартиб-таомилидан ўтади ва Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасидан сўнг амалга оширилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда сўз броган «Навоиазот» АЖ ҳудудида жойлашган «CONTINAZ ҚК» МЧЖ карбамид-формалдегид контсентрати (УФC-85) ишлаб чиқариш лойиҳаси атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг тўлиқ тартиб-таомилларидан ўтган ва Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасига эга. Корхона Австрия билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, ALDER (Италия) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ва юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган. Бундай ишлаб чиқариш қувватлари Италия, Бельгия, Туркия, Россия, Швеция ва бошқа қатор мамлакатларда қурилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида суюқ ва газсимон чиқиндилар ҳосил бўлмайди. Бундай натижага замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган технологиялардан фойдаланиш эвазига эришилмоқда.

Жамоатчилик фаоллари ва фуқароларга ижтимоий тармоқларда турли хил асоссиз маълумотларни тарқатишдан олдин «Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати билан боғланишлари ҳамда барча саволларга ишончли манбадан жавоб олишлари мақсадга мувофиқ бўлишини эслатиб ўтамиз. Навоий шаҳрида бўла туриб, жиддий муаммолар бор деб ҳисоблаб, «Навоиазот» АЖга мурожаат қилмасдан асоссиз маълумотларга таяниб постлар ёзилишининг ўзи таажжубли ҳолат. «Ўзкимёсаноат» АЖ очиқлик ва шаффофлик тарафдори эканлигини маълум қиламиз.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмат