"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ Ижро аппарати ва тизим корхоналари ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишни қатъий йўлга қўйиш бўйича кeнгайтирилган йиғилиш ўтказилди

// 08 iyun 2022 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/odob-axloq-qoidalariga-rioya-etish

Юртимизда маънавият, маърифатни тарғиб қилиш, ҳар томонлама етук, баркамол авлодни тарбиялаш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат органларида фаолият юритувчи ҳар бир ходим, авваламбор, ташқи кўриниши, кийиниши, юриш-туриши билан бошқаларга намуна бўлиши, одоб-ахлоқ қонун-қоидаларига мос хатти-ҳаракатлари билан фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ҳурмат ва ишончини оширишга хизмат қилиши зарурлиги барчамизга маълум.

Жорий йилнинг 7 июнь санасида «Ўзкимёсаноат» АЖда кенгайтирилган тартибда йиғилиш ўтказилди. Ижро аппарати ва тизим корхоналари ходимлари ўртасида Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишни қатъий йўлга қўйиш кун тартибидан ўрин олди.

Мазкур йиғилиш баёнидан келиб чиқиб, жамиятнинг 2022 йил 23 майдаги «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида Одоб-ахлоқ масалалари бўйича тартиб-қоидаларига қатъий риоя этишни янада кучайтириш тўғрисида” 65-сон буйруғи қабул қилинди. Бунга кўра, Одоб-ахлоқ масалалари бўйича махсус ишчи комиссия таркиби янгиланди. Одоб-ахлоқ қоидалари меъёрларининг бузилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Мазкур қабул қилган буйруқ «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятининг муҳим ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Унда жамиятда ишловчи ва ҳамкорликда ишлаётган ҳар бир ходимдан кутилаётган – хизмат ва одоб-ахлоқ қоидалари қатъий белгилаб берилган.

Жамиятнинг «Хизмат одоби кодекси» ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, содир этилиш сабаб ва шароитларини бартараф этишга, ходимларда юксак ҳуқуқий онгни тарбиялашга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга оғишмай риоя қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига ҳамда жаҳон амалиётидаги хизмат одобининг юқори касбий ва ахлоқий талабларига йўналтирилган.

2020 йил 9-октябрда «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 87-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Хизмат одоби кодекси»га 2022 йил 23 майдаги «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида Одоб-аҳлоқ масалалари бўйича тартиб қоидаларига қатъий риоя этишни янада кучайтириш тўғрисида”ги 65-сон буйруғи билан бир қатор ўзгартишлар киритилди.

Жамиятда кийиниш тартиблари ходимлар ўртасида ўзаро ижтимоий тенглик тамойилларини қарор топтириш, ходимларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўлиқ риоя этишларини тартибга солиш, ходимларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ёт бўлган «оммавий маданият» хуружларидан ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида одоб-ахлоқ масалалари бўйича тартиб-қоидалар ходимларга батафсил тушунтириб берилди. Ушбу талаблар бузилган тақдирда, зарурий интизомий чоралар кўрилиши тўғрисида барча ходимлар ва масъуллар огоҳлантирилди.